Депутатлар ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар
2017 йил 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартиби мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган кўплаб қонун лойиҳаларини қамраб олди.
2017 йил 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартиби мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган кўплаб қонун лойиҳаларини қамраб олди.Парламент қуйи палатасининг мажлиси кун тартибига киритилган масалалар аввалроқ сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг мажлисларида муҳокама қилинган эди.
Таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда парламентнинг қуйи палатасида қонун ижодкорлиги жараёни 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ олиб борилмоқда. Ҳозирги воқеликларни ҳамда иқтисодиёт одамларнинг юқори даражадаги турмушининг асосий шарти сифатида қараладиган жаҳоннинг ривожланган давлатлари тажрибасини ҳисобга олган ҳолда парламент вакиллари давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотлар самарасини тубдан оширишга қаратилган ташаббусларини қонун йўли билан ўз вақтида пухта мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқдалар.
Депутатлар ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонидан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошлади. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги, «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар давлат мулки объектларини реализация қилиш жараёни тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва жадаллаштиришга қаратилган моддалар билан тўлдирилди. Шу тариқа амалдаги қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши хусусий мулк этиб реализация қилинган объектларда рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришни ҳамда хизматларни йўлга қўйишни ташкил этиш ҳисобига хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш имконини беради.
Шунингдек, депутатлар Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига, Бюджет кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган. Чунончи, ўта оғир ҳолатлар рўйхати белгиланиб, ўзини ўзи ўлдиришгача етказганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда. Бундан ташқари, Жиноят кодексига ўзини ўзи ўлдиришга, шу жумладан, телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, бутунжаҳон интернет ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ўзини ўзи ўлдиришга ундаш учун жавобгарликни белгиловчи 1031-модда киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Бюджет кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши билан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарима миқдорини камайтириш ваколатига эга бўлган шахсларнинг аниқ рўйхати белгиланади, маҳаллий бюджетларнинг республика бюджетига қарамлиги қисқаради.
Шундан сўнг депутатлар суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича тадқиқот маркази ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар. Шуни эслатиб ўтиш керакки, тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судьялар Кенгаши ҳузуридаги одил судлов муаммоларини ўрганиш бўйича тадқиқот марказига айлантирилди.
Давлатимиз раҳбарининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси тузилмасида Қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси ташкил этилди. Шу муносабат билан Бош прокурорга мазкур бошқармага юридик ихтисосликка эга бўлмаган кадрларни, чунончи иқтисодчилар, молиячилар, социологлар ва бошқаларни қабул қилиш ҳуқуқи берилди. Шунга мос тарзда ушбу масалалар депутатлар томонидан кўриб чиқилган «Прокуратура тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида ўз аксини топди.
Парламент вакиллари ўз конституциявий ваколатлари доирасида Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар рўйхатига киритиш тўғрисида тегишли қарорларни қабул қилдилар. Давлатимиз раҳбари Хоразм ва Қашқадарё вилоятларига сафарлари чоғида туризм соҳасини ривожлантириш учун мазкур минтақаларнинг салоҳияти юқори эканлигини ҳисобга олиб, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларини мустақил маъмурий бирлик этиб қайта ташкил қилиш ҳамда уларни вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар рўйхатига киритиш топшириғини берган эди. Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистон ҳудудида жойлашган жаҳон аҳамиятига молик бу қадимий шаҳарларнинг туристик салоҳиятини сезиларли даражада ошириш имконини беради.
Мажлис давомида депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати