Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутатлар иккита вазирлик ахборотини эшитди
19:43 / 2020-11-25

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликларининг партия электоратини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан ахборотлари эшитилди. Айни кунларда долзарб бўлиб турган вазифалар ҳақида мунозара юритилди.

Дастлаб аҳоли бандлигини таъминлаш ва хуқуқларини ҳимоя қилишда давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг қай даражада самарали сарфланаётгани ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари депутатларга ахборот берди.

Жорий йил ўтган ойларида халқ депутатлари махаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан аҳолини иш билан таъминлашга оид 124 масала ўрганилиб, муҳокама этилган. Бу борада ҳудудлар миқёсида аниқ вазифаларни белгилаш бўйича 84 та масала доимий комиссиялар, 76 та масала сессиялар муҳокамасига олиб чиқилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари бандлик ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш йўналишларида ҳақиқий аҳволни доимий ўрганмоқда. Ушбу ўрганишлар натижалари асосида йиғилишда Давлат бюджетидан бандликка кўмаклашиш мақсадида субсидия сифатида ажратилган маблағларнинг самарали сарфланиши, касб-ҳунарга ўқитиш ишлари жойларда суст ташкил этилаётгани, меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиши бўйича давлат назоратида хато-камчиликлар кузатилаётгани ҳақида танқидий фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш, бутун республика бўйлаб ишларни тизимли ташкил этиш, бандлик юзасидан барча имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вазирлик тизимидаги барча тузилмалар фаолиятидан аҳолининг хабардорлигини ошириш, шу орқали улар фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш бўйича вазифалар белгиланди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг тегишли ахборотини эшитиш масаласини фракциянинг келгуси йил иш режасига киритиш ҳамда бошқа йўналишлар юзасидан таклифлар берилди.

Депутатлар уй-жой ва коммунал хизматларнинг мақбуллигини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш, тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, айниқса, бу йилги совуқ қиш мавсумида ниҳоятда долзарб эканини таъкидлашди.

Фракция видеоселектор йиғилишида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммоларнинг ечимлари олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот тақдим этиш учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосарига сўз берилди.

Депутатлар жойлардаги ўрганишлар, аҳоли мурожаатлари асосида аниқланган муаммоли ҳолатлар бўйича ўз саволлари билан мурожаат этишди.

Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари жорий йил давомида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал хизматлар сифатини ошириш масалаларини ўрганиб, 54 та доимий комиссия, 36 та сессияга олиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришган.

Охирги 2 йилда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилашга 2 триллион 400 миллиард сўм ажратилди. Бу аввалги 10 йилда ажратилган жами маблағдан 2 баравар кўп, демакдир. Шунга қарамасдан, мамлакатимизда марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 68 фоизни ташкил этмоқда.

Ҳукуматнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш стратегиясига кўра, 2030 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминоти даражасини 91 фоизга, шаҳарлар ва туман марказларидаги оқова сув тизими таъминоти даражасини 16 фоиздан 31 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Йиғилишда депутатлар 1993 йилда қабул қилинган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни бугунги кун талабларига мувофиқ равишда янгилаш зарурати юзага келгани ҳақида фикр билдирди.

Иккита вазирликнинг республикадаги барча тузилмалари фаолияти бўйича қатъий парламент ва депутатлик назоратини мунтазам амалга ошириш, бандлик ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратилган режалар белгиланди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА