Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари айни кунларда ҳудудларда сайловчилар билан мулоқот қилиб, жойлардаги муаммоларни ўрганмоқда.
Депутат Ойбек Раҳимов Шофиркон туманидаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи меҳнаткаш деҳқон Бахшилло Зоиров хонадонида бўлди ва у ердаги иссиқхона фаолияти билан яқиндан танишди.

Деҳқон ўзининг 10 сотих томорқасидан оқилона фойдаланиб, катта ҳосилдорликка эришмоқда. Хусусан, 4 сотихида карам, 3 сотихида лимон дарахтлари, қолган 3 сотихида эса турли хил мева ва сабзавотлар парвариш қилинмоқда. Ушбу фаолият бир томондан оиланинг эҳтиёжларини тўлиқ таъминласа, иккинчи томондан, қўшимча даромад манбаи ҳам бўлиб хизмат қилмоқда. Деҳқон йилига 40-50 миллионгача даромад олмоқда. Шунингдек, томорқасидаги экин ерларини томчилатиб суғориш йўли билан суғориб келмоқди.

Суҳбат чоғида у келгусида иссиқхона фаолиятини янада кенгайтириш, қиш мавсумида ҳам томорқадан самарали фойдаланиш ниятида эканини билдирди. Депутат бундай ташаббусларни юқори баҳолаб, фуқароларнинг ҳар бир қарич ерга эътибор бериши мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги, экологик барқарорлик ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
***
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ҳусан Ярқулов ва Бекмирза Эшмирзаевлар халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш мақсадида Самарқанд вилоятида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.
Дастлаб халқ вакиллари Пайариқ туманидаги тиббиёт бирлашмасида бўлиб, соҳадаги долзарб масалалар, жумладан, коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Учрашувда сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасида бўлаётган ўзгаришлар, тиббиёт тизимида шаффофликни таъминлаш, беморларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, тиббиёт муассасаларида хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва очиқ мулоқотни кучайтириш коррупцион ҳолатларни камайтиришда муҳим омил экани қайд этилди.
Халқ вакилларининг таълим соҳаси вакиллари билан учрашуви ҳам самарали бўлди. Унда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, педагогларга яратилаётган имкониятлар, соҳадаги маиший коррупциянинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Таълим соҳасида учраётган маиший коррупция ҳолатларини бартараф этиш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, шаффоф ва очиқ бошқарув тизимини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ўқитувчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари тингланди.
Соҳа вакиллари сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда устозлар меҳнатини қадрлаш, уларнинг ойлик маошларини ошириш, уй-жой масаласини ҳал этиш, малака ошириш тизимини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этдилар.
Мазкур учрашувлар давомида депутатлар Иштихон тумани Қайирма маҳалласида жойлашган тиббиёт муассасасида ҳам бўлишди. Бу ерда фуқароларга яратилган шароитлар билан танишиб, соҳадаги ўзгаришлар, жумладан қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумотлар бериб ўтдилар.
Навбатдаги манзил — Боғихон маҳалласида яшовчи Михлибой Умаров хонадони бўлди. Айни чоғда омилкор ўз томорқадан самарали фойдаланиб, узумчилик орқали яхши даромад топмоқда.
Хонадон эгаси билан мулоқот давомида юртимизда томорқачиликни, узумчиликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
ЎзА