Ватан ҳимоячиси бўлиш шарафли бурч. Киндик қони тўкилган заминни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласи, шаъни ва ор-номусини ҳимоя қилиш кабидир.

Наманганда юртимизнинг фидойи посбонларини 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан муносиб табриклаш максадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят кенгаши, O'zLiDePдан сайланган депутатлар иштирокида Давлатобод тумани ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда байрам тадбири ташкил этилди.

Самимий руҳда кечган мулоқотда қайд этилганидек, буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ор-номуси, иймонини ўртага қўйиб ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари қиличданда ўткир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарсада она Ватанга муҳаббат, иймонга садоқат асло ўзгармади.
Маънавият тарғиботчиси, фахрий журналист, партия фаоли Комилжон Файзиев мамлакатимизда истиқлол берган улкан имкониятлар ҳақида тўхталаркан, чунончи, мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилгани, шаҳару-қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлганлиги ҳамда жамиятимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик, дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиз эканлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбир якунида ҳарбий қисмда республикамизнинг турли ҳудудларидан келиб ўзининг йигитлик бурчини шараф билан ўтаётган аскарлар ва ҳарбий хизматчиларга халқ ноиблари томонидан байрам совғалари тақдим қилинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА