Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз фаолияти мобайнида сайлов округларида доимий равишда бўлиб, аҳоли турмуш даражаси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, долзарб муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топишга алоҳида эътибор қаратади.
Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Виктор Пак ҳамда Атхам Назирқуловнинг ЎзЛиДеП Тошкент вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда Пискент туманига ташкил этилган амалий ўрганишлари ҳам мана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми бўлди. Дастлаб “Митан” МФЙда депутатлар томонидан амалга оширилган ўрганишлар давомида маҳалла, ҳудудда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш ҳолати, аҳолига хизмат кўрсатувчи таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари, хизмат кўрсатиш соҳалари қамраб олинди.



Жараёнда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Хусусан, маҳалладаги 120 нафар болани қамраб олиш имкониятига эга бўлган, айни дамда 140 дан ортиқ болалар таълим олаётган 12-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Шу туфайли бу бинони қайта капитал таъмирлаш зарурлигини қайд этилди. Шунингдек, масканда олиб борилаётган таълим-тарбия ишлари билан ҳам танишилди. Таълим маскани раҳбарияти ва педагог жамоаси билан суҳбатда бўлган депутат Виктор Пак ташаббуси билан боғча биноси замон талаблари асосида тўлиқ реконструкция қилинадиган бўлди. Капитал таъмирлаш ишлари бевосита депутат кўмаги билан амалга ошиши ҳудуд аҳолисининг қувончига сабаб бўлди. Депутатлар муаммоларни бемалол ўртага ташлаш зарурлиги, “Очиқ бюджет” сингари лойиҳаларда фаол иштирок этиш кераклиги, болаларнинг шинам масканда сифатли таълим-тарбия олишлари учун бор имкониятни ишга солиш борасида яқиндан кўмак беришларини билдиришди. Мазкур боғчанинг реконструкция қилиш ишларини масъул қурувчи ташкилот мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди. Шундан сўнг партиянинг “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови доирасида ташкил этилган “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳасининг саралаш босқичи иштирокчилари бўлган ўрта ва кичик бизнес вакилаларининг хонадонлари ва корхоналарига ҳам борилди.


Хусусан, ўзининг томорқасидаги ерда иссиқхона ташкил қилиб у ерда редисканинг ноёб турларини етиштираётган Гўзал Эрназарова, тикувчилик ҳунари ортидан ўзи сингари ўнлаб маҳалладош хотин-қизларга ҳунар ўргатаётган Дилобар Саримсоқова, ўз уйида мўъжазгина тикув цехига асос солиб, самарали ишлаётган тадбиркор Нодира Мирсагатоваларнинг бизнес фаолиятини кузатган халқ вакиллари ҳамда партия мутасаддилари уларнинг тадбиркорлик фаолиятини юритишда дуч келаётган муаммолари билан қизиқди. Бизнес салоҳияти ва самарадорлигини оширишда зарур бўлган тегишли ҳуқуқий, амалий тавсияларини берди. Уларга партиянинг эсдалик совғалари ва ташаккурномалари топширилди. Лойиҳа иштирокчилари ҳам ўз навбатида депутатлар ва партия мутасаддиларига ташриф ва кўрсатилган амалий кўмаклар учун миннатдорлик билдирди.
А.Мусаев, ЎзА.