Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутат ёшлар билан учрашди
16:24 / 2026-01-15

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Фотима Полвонованинг Чимбой туманидаги 40-сонли умумтаълим мактабида ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг қобилият ва салоҳиятини юзага чиқариш учун яратилаётган замонавий шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.  

Шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишда ёшларнинг тутган муҳим ўрни, бугунги кунда юртимиз байроғини халқаро майдонларда баланд кўтараётган истеъдодли ёшларнинг ютуқлари алоҳида эътироф этилди.

Жумладан давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам ёшлар масаласи алоҳида ўрин эгаллаши қайд этилди.  Хусусан, Мурожаатномада мамлакат аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этиши, улар нафақат демографик салмоқ, балки инновация ва ижодий ғоялар манбаи эканлиги таъкидланди. Шу боис, давлат сиёсатининг марказида ёшларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун барча имкониятлар яратиш устувор вазифа саналади.  

Депутат томонидан шунингдек фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, оила ва таълим муассасаси ҳамкорлигининг аҳамияти, ёшларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва билим олишга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

Учрашув якунида ўқишда юқори натижаларга эришган ўқувчиларнинг ота-оналарига туман ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Бу эса ота-оналарни янада масъулиятли бўлишга, фарзандларининг таълим-тарбиясига эътиборини кучайтиришга ундайди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири