Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутат янги йилни хайрли иш билан бошлади
13:45 / 2022-01-01

Янги йилнинг илк кунида Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши депутати Зардуна Исмоилова ногирон инсонлар ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олди.

Бутун халқимиз янги – 2022 йилни эзгу ниятлар, катта орзу умидлар билан кутиб олди. Янги йил бошида ҳар бир инсон кўнглига тугиб қўйган эзгу ва хайрли ишларни амалга ошириш режасини тузади, йилни хайрли ишлар билан бошлашга ҳаракат қилади.

– Очиғи, янги йилнинг илк кунида депутатнинг хонадонимизга келишини кутмаган эдим, – дейди Андижон шаҳар Ал Бухорий маҳалласи, Хурсандлик кўчасида яшовчи Баҳодиржон Абдуллаев. – Мен ташкилотлардан бирида қоровул бўлиб ишлайман. Ойлик маошим у қадар кўп эмас. Турмуш ўртоғим болалар боғчасида тарбиячи ёрдамчиси бўлиб ишлайди. У ишлаётган боғча таъмирланмоқда, олти ойдирки иш ҳақи олмаяпти. Қиш, совуқ бўлгани учун мавсумий бирор иш топишнинг ҳам имкони бўлмаяпти. Шу боис, тирикчиликка қийналиб қолган эдик. Депутатга раҳмат, шундай бир шароитда бизга кўмак кўрсатди, озиқ-овқат маҳсулотлари берди, фарзандларимга совға-салом улашди. Бундан бошимиз кўкка етди.

– Иккинчи гуруҳ ногирониман, турмуш ўртоғим ҳам касалманд, бир жойда бўлиб қолган, – дейди Андижон шаҳри Саноат маҳалласида яшовчи Саломатхон Ўринбоева. – Бир нафар фарзандим бор, у ҳам 2- гуруҳ ногирони, мавсумий ишлар билан шуғулланади. Оилада биргина келиним ишлайди. Икки нафар набирам бор. Тирикчилик экан, етишмовчиликдан, айниқса, совуқ кунлар бошланиб, анча қийналиб қолдик. Бошланган янги йил худо хоҳласа, хайрли ва баракали бўлади. Янги йилнинг биринчи кунида депутат оиламизга келиб, кўнглимизни кўтарди, озиқ-овқат маҳсулотлари, набираларимга совғалар берди. Юртимизда бизнинг оила каби қийналган оилалар ҳолидан хабар оладиган яхши одамлар, мана шундай хайрли ишларга бош бўлаётган Президентимиз борлигига мингдан минг шукр қиламан. Илоҳим, улар дунё тургунча турсин.  

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси, Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгаши қошидаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори, вилоят кенгаши депутати Зардуна Исмоилова янги йилнинг илк кунида Андижон шаҳри ва Жалақудуқ туманидаги юқоридаги каби кам таъминланган, қийин шароитларда яшаётган қатор оилаларда бўлиб, уларнинг кўнглини кўтарди, совға-саломлар топширди.


– Кеча Президентимиз халқимизга йўллаган Янги йил табригида 2022 йилни мамлакатимизда "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" деб эълон қилди, – дейди Зардуна Исмоилова. – Инсон қадр-қиммати улуғланаётган, одамларни ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилаётган  юртимизда жорий йилда ҳам инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ва хайрли ишлар шубҳасиз, давом эттирилади.Шу маънода биз депутатлар, жамият фаоллари мазкур йўналишдаги ишларда етакчилар қаторида туришимиз лозим.



 Ф.Убайдуллаев,
З. Умрзоқов  (сурат),  ЎзА