Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайловчилари билан учрашиб, соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги билан танишмоқда. Жумладан, депутат Мадина Баротова Бухоро шаҳридаги 28-умумтаълим мактабида бўлиб, билим даргоҳида давлат инвестиция дастури асосида реконструкция ишларини кўздан кечирди.
– Бундан қирқ йил аввал барпо этилган ушбу мактаб биноси 7,5 миллиард сўмлик маблағ эвазига қайта таъмирланганлиги сабаб ўзгача чирой касб этган, – дейди Мадина Баротова. – Фаоллар ва спорт заллари, мактаб кутубхонаси ҳамда ошхонаси ва энг муҳими дарс машғулотлари ўтказиладиган ёруғ ва шинам синфлардан тортиб замонавий компьютерлар ўрнатилган хоналаргача тегишли мебель ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланганлиги ёш авлоднинг бугунги кун талаблари даражасида билим олиши, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол инсон бўлиб камол топишида муҳим аҳамият касб этади.


Ҳозирда 780 нафар ўғил-қизлар таҳсил олаётган мактабда ўқитувчи ва ёшлар билан ўтказилган самимий учрашувда депутат мамлакатимиз қонунчилигидаги бир қатор ўзгаришлар, шунингдек, нафақат мактабгача ва мактаб таълими тизимида, балки халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳам “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосида бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, қатор янгиланишлар кузатилаётганлигини айтиб ўтди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири