Жамоатчилик назорати аҳоли манфаатини таъминлаш ва давлат хизматлари сифатини оширишда самарали иш усули ҳисобланади.
Шу кунларда Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Юлдуз Усманова томонидан Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 2-сонли оилавий поликлиникада жамоатчилик назорати тадбири ўтказилди.
Ўрганиш жараёнида аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий хизматлар сифати, шифокор ва тиббиёт ходимларининг фаолияти, беморлар учун яратилган шароитлар, шунингдек, давлат томонидан бепул берилиши белгиланган дори-дармонлар билан таъминланганлик ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.

Поликлиникага мурожаат қилган фуқаролар билан бевосита мулоқот ўтказилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Суҳбатлар жараёнида навбатлар билан боғлиқ муаммолар, хизмат кўрсатишдаги кечикишлар ҳамда айрим ходимлар фаолиятида самарадорликни ошириш зарурати каби масалалар аниқланди.
– Энг асосийси, ўрганиш давомида аниқланган камчилик ва муаммолар поликлиника раҳбариятига етказилди ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари, Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Юлдуз Усмонова. – Жамоатчилик назорати нафақат хизмат сифати ва қонунийликни таъминлайди, балки аҳоли учун қулайликлар яратиш, давлат муассасалари фаолияти самарадорлигини оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Депутат томонидан илгари сурилган таклиф ва тавсиялар мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, назорат натижасида аниқланган масалалар давлат ва маҳаллий раҳбарият учун муҳим сигнал вазифасини бажаради.
Хулоса қилиб айтганда, депутатлик назорати тиббий хизматлар сифати ва аҳоли манфаатини таъминлаш билан бирга, давлат муассасаларида очиқлик ва шаффофликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА