Депутат телеграмдаги ножўя ҳаракатлари учун 15 суткага қамалди
Мамлакатимизда қонун устувор бўлиб, бугунги карантин даврида эса барчамиздан белгиланган қоидаларга амал қилиш бот бот такрорланмоқда.
Мамлакатимизда қонун устувор бўлиб, бугунги карантин даврида эса барчамиздан белгиланган қоидаларга амал қилиш бот бот такрорланмоқда. Афсуски, халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутати М.А. буни унутган ҳолда ҳуқуқбузарликка қўл урди.
У 28 март куни соат тахминан 22:30ларда халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутатлари аъзо бўлган телеграм канали орқали ички ишлар ходимларига нисбатан қўпол сўзлар ишлатиб, уларга нисбатан камситувчи ҳақоратомуз фикрлар билдириб, ИИБ ходимларининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармасликка омма олдида ҳар қандай шаклда даъватлар қилиб, сохта уйдирмаларни тарқатган.
Қўқон шаҳар прокурорининг 30 мартдаги тақдимномасига асосан, Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгашининг шу куни қабул қилинган қарори билан М.А.ни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб, суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик берилган.
Тўпланган иш материаллари Қўқон шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар ҳолат бўйича тушунтириш бериб, тадбиркор экани, карантин вақтида кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бераётганини айтиб ўтган. У 28 март куни соат тахминан 16:00 ларда фуқароларга озиқ-овқат тарқатиб қайтиб келиб, Муқимий шаҳарчасидан Қўқон шаҳрига кириш йўлида ўрнатилган блок постидан ўтиб шаҳарга кирмоқчи бўлганида ички ишлар органи ходимлари мумкин эмаслигини айтган. Шундан сўнг айланма йўллар билан шаҳарга кирган.
М.А.нинг айтишича, шундан сўнг соат 18:00ларда Қўқон шаҳар ҳокимлигига бориш мақсадида ўзининг “Малибу” русумли автомашинасида йўлга чиқиб, Истиқлол ва Турон кўчалари кесишмасида ўрнатилган блок постига келиб постда турган ИИБ ва Миллий гвардия ходимларига машинасида кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари борлигини айтиб, ҳокимиятга ўтишга рухсат сўраган. Улар эса ўтиш мумкин эмаслигини айтган. Шунда уларга депутатлик гувоҳномаси ва рухсатномасини кўрсатган, лекин ўтишга рухсат берилмаган.
Шундан кейин у уйига қайтиб келиб, ҳолатдан асабийлашиб, бетоб бўлиб қолган. Сўнгра жаҳли чиқиб, халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутатлари аъзо бўлган телеграмдаги гуруҳ орқали ички ишлар ходимларига нисбатан ҳақоратомуз сўзлар ишлатган.
– Суд келгусида шу каби юз бериши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида М.А.га маъмурий қамоқ жазосини тайинлашни ва ундан маъмурий қамоқ харажатларини ундиришни лозим топди, – дейди Қўқон шаҳар маъмурий суди раиси Нодиржон Ҳожиматов. – Ҳуқуқбузарга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.