Депутат тарихни тиклашга ҳомийлик қилди
Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ.
Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишлари, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардан биридир.
Бу йил Юртбошимиз ташаббуси билан 9 май мамлакатимизда Ғалаба боғи тақдимоти, аждодларимиз хотирасига бағишланган миллий фильмлар намойиши билан ўзгача руҳда кутиб олинди.
Кези келганда, таъкидлаш керакки, Президентимиз ташаббуслари билан азал-азалдан халқимизнинг тафаккури, маънавий ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган хотира, қадр тушунчалари янгича сайқал топиб, қалбимиз, онгу-шууримиздан мустаҳкам жой олаётгани ўз тасдиғини топмоқда.
Ўтганларни хотирлаш миллий қадриятларимиздан бири сифатида «Миллий тикланиш» партиясининг сайловолди дастурларида ҳам ўз аксини топган. Депутатларнинг ушбу соҳадаги фаолиятлари ҳам партия дастури ижросига хизмат қилмоқда.
«Миллий тикланиш» партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Жаҳонгир Абдурасулов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 1915 йил Асака тумани, "Хонқа" маҳалласида туғилган, Ғуломжон ота Ёқубов хотирасига ҳурмат рамзи сифатида эсдалик ёдгорлиги ўрнатилишига ҳомийлик қилди. Андижон шаҳар «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларига буюртма қилинган ёдгорлик уруш қаҳрамонининг хонадонига қўйилди.
Ғуломжон ота уруш бошланганида биринчилардан бўлиб ўз ихтиёри билан урушга кетган, дейди маҳалладоши Нажмиддин Яқубов
Айтишича, улар иш фаолиятини тумандаги газетада бошлаган ва 1941 йилгача Жалақудуқ туманининг Ойим қишлоғидаги савхозда директор ўринбосари лавозимида давом эттирган.
Сўнг қисқа муддатли офицерлар тайёрлаш қурсини тамомлаб 2-Беларуссия фронтининг 169-дивизияси 556-ўқчи полкининг автоматчилар ротасига командирлик қилиш учун урушга юборилган.
1944 йилда Могилёв областининг Виховка райони Лудчисса қишлоғидаги 150-муҳим тепаликни қўриқлаш ва фашистларни шу жойнинг ўзидан қайтариш ва қириб ташлаш ҳақида буйруқ олиб, 1944 йил 22 июндан 23 июнга ўтар кечаси фашистларнинг учта кучли батальони ва Ғулом Ёқубовнинг ротаси ўртасида шиддатли жанг бўлиб ўтган. Фашистлар жами бўлиб 40 маротаба ҳужум уюштирган. Уларнинг барча ҳужумларини рота жангчилари кучли матонат билан қайтарган. Минг афсуски, фашистларнинг 400 дан ошиқ аскарини йўқ қилишга эришган бўлсалар-да, ҳужумда жуда кўп аскарлар мардларча ҳалок бўлишади. Ғулом Ёқубовнинг ўзи ҳам шу жангда мардларча дунёдан кўз юмади. Кўрсатган мардлиги ва жасурлиги ҳисобга олиниб, «2 - жаҳон уруши қаҳрамони» унвони билан тақдирланади. Ҳурмат ва эҳтиром билан Лудчисса қишлоғидаги биродарлик қабристонига дафн этилди.
Ҳозирги кунда ҳам маҳаллий халқ байрам кунлари Ғулом Ёқубов жасоратини қадрлаб қабрини зиёрат қилгани келишади.
Дарҳақиқат мардлар ўлмайди. Ғуломжон ота номининг умрбоқийлигини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Абдурасуловнинг ушбу ташаббуси айни муддао десак, хато бўлмайди. Моҳирлик билан ишланган ушбу ёдгорлик қаҳрамонимиз номининг дилларда муҳрланишига хизмат қилади.
Камола АБДУВАЛИЕВА,
«Миллий тикланиш» партияси Андижон
вилоят Кенгаши матбуот котиби