Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Бахитбай Алдамуратов Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан қурилаётган, қуввати 100 МВт бўлган шамол электр станциясининг қурилиш ишлари билан танишди.
Ушбу лойиҳа мамлакатимизнинг барқарор энергетика стратегиясининг бир қисми бўлиб, минтақада "яшил" энергетикани ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.
Депутат лойиҳани амалга оширишнинг ҳозирги босқичи билан танишди, техник мутахассислар билан суҳбатлашди. Лойиҳанинг ҳудудни ривожлантиришга ижтимоий-иқтисодий таъсири масалаларини муҳокама қилди.
Айтиш жоизки, ҳозирги пайтда қурилиш ишларининг 65–70 фоизи бажарилган бўлиб, жорий йил октябрь ойида тўлиқ якунланиши режалаштирилган.
– Ушбу шамол электр станцияси фақатгина замонавий энергетика объекти эмас, балки энергетик мустақиллик, янги иш ўринлари яратиш ва минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш йўлидаги олға ташланган қадамдир.
Айниқса, лойиҳанинг етакчи халқаро инвесторлар билан яқин ҳамкорликда амалга оширилаётгани уларнинг мамлакатимизга ишончи ортиб бораётганидан далолат беради, – дея таъкидлади депутат Бахитбай Алдамуратов.
Лойиҳа шу мақсадда махсус ташкил этилган “ACWA Power Wind Karatau FE LLC” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Имзоланган келишувга кўра, компания "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ билан тузилган шартнома асосида 25 йил давомида электр энергиясини етказиб беради. Шунингдек, Молия вазирлиги ваколатида инвесторлар ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Давлат қўллаб-қувватлаш шартномаси (GSA) тузилди.
Қораўзакдаги станция “ACWA Power” компаниясининг Ўзбекистондаги тўртинчи лойиҳасидир. Лойиҳа раҳбари Сардорбек Махмудовнинг таъкидлашича, ҳозирги босқичда шамол генераторларини ўрнатиш ишлари тўлиқ якунланган. Бугунги кунда 16 та шамол турбинаси тўлиқ ўрнатилди. Энди эса кейинги босқич — электр ускуналарини синаб кўриш (тест режимда ишга тушириш), электр тармоқларига улаш ҳамда бошқарув ва назорат тизимларини тўлиқ созлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бу босқичлар муваффақиятли якунланганидан сўнг, станция ноябрь ойида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.
Танишув давомида экология ва аҳоли билан ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. “ACWA Power” вакили сўзларига кўра, компания ҳудудда ижтимоий ташаббусларни, жумладан, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш дастурлари ва инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни амалга оширмоқда.
Қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги лойиҳалар давлат тузилмаларининг алоҳида эътиборида эканининг яна бир далили бўлди. Шамол энергетикасини ривожлантириш Ўзбекистоннинг муқобил энергия манбалари улушини ошириш стратегиясининг асосий элементи бўлиб, уни муваффақиятли амалга оширишда халқаро компаниялар билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири