Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Елена Компольшик Самарқанд вилоятида ўтказган ўрганишлари давомида аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини ўрганди ва зарур амалий ёрдам кўрсатишга эътибор қаратди.
Хусусан, Самарқанд шаҳридаги Сиёбча маҳалласида бўлиб, Рамазон ойида маҳалладаги эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишлар билан танишди.

Ижтимоий реестрга киритилган бир қатор оилаларнинг турмуш шароитини кўздан кечирди, хонадон эгаларининг муаммоларини эшитиб, уларни ҳал қилиш бўйича партия ва шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, депутат ташаббуси билан вилоят рус драма театрида шаҳардаги маҳаллаларнинг ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандлари учун бепул театр спектакли намойиш этилди.

Елена Компольщик сайлов округидаги ўрганишлари давомида Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалида партия вилоят кенгаши ва Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Огоҳ бўлинг, фирибгар!” мавзусидаги тарғибот тадбирида ҳам иштирок этди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири