Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси С. Имамова Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида сайловчилар билан учрашди.
Унда туман оила ва хотин-қизлар бўлими, туман прокуратураси, депутатлар, маҳалла еттилиги, умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда депутат С. Имамова мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш борасида чиқарилаётган фармон ва қарорлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, туман прокурорининг катта ёрдамчиси Э.Балтаниязов ҳудудда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича тарғибот тадбирларини янада кучайтириш борасидаги ишларга тўхталиб ўтди. Шундан сўнг, учрашув иштирокчилари томонидан билдирилган фикр ва таклифлар тингланди.

Шу куни депутат туман ҳудудидаги ижтимоий объектлар билан яқиндан танишди. Дастлаб тумандаги 8 ҳамда 2-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун яратилган қулайликларни кўздан кечирди. Шунингдек, ҳар бир ижтимоий объектда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари сифати, иситиш ускуналарининг талаб даражасида эканлиги, хоналарнинг иссиқлик даражасини ўрганди.

Депутат 1 октябрь –Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан туман ҳудудида яшовчи нуроний устозлар Қ.Аллабаев ва М.Палуаниязовларнинг хонадонларида бўлиб, уларнинг ҳолидан хабар олди.
Нуроний устозлар билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тинглади. Шунингдек, ёшлар тарбияси ва маънавий-маърифий муҳитни кучайтиришда уларнинг ўрни беқиёс эканлиги алоҳида таъкидланди. Мулоқот давомида депутат нуроний устозларни байрам билан самимий қутлаб, совғалар топширди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА