English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутат сайловчилар билан учрашди
13:33 / 2024-02-03

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Бафоев Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари, ўқув муассасаларида бўлди. Учрашувларда амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар билан бирга, мамлакатимизни ривожлантиришнинг долзарб дастури “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, унда илгари сурилган вазифалар, мақсад ва йўналишлар ҳамда уларнинг ижроси ҳақида аҳоли вакиллари, ёшлар билан атрофлича фикр алмашилди.

“Баркамол авлод” болалар мактабида бўлиб ўтган учрашув қизғин ўтди.

Мазкур муассасада 1640 нафар ўқувчини қамраб олган 7 та йўналишдаги 32 та тўгарак фаолият олиб бормоқда. Работотехника, компьютер графикаси ва дизайни, IT-ахборот  технологиялари, шунингдек, кулолчилик, тикувчилик, шахмат-шашка сингари тўгараклар шулар жумласидандир.  

Депутат Шуҳрат Бафоев бу ерда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, тўгараклар иши билан яқиндан танишди. Педагоглар ва уларнинг шогирдлари билан самимий мулоқот қилди.

“Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги учрашув ҳам самарали ва мунозараларга бой бўлди. Маҳалла фаоллари саъй-ҳаракати билан ҳудудда “Обод хонадон– обод кўча– обод маҳалла” тамойили асосида олиб борилаётган ободонлик ва бунёдкорликлар  ҳудуд янгиланишида ўз амалий натижасини бермоқда.

Депутат маҳаллий аҳолини ташвишга солаётган бир қатор масала ва мурожаатларни ҳам ўрганди.

Тумандаги “Дегрезон” маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчилар билан ўтказилган учрашувда депутат томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги қабул қилинаётган қонунлар, Президент фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Аҳолини ўйлантираётган бир қатор масалаларга тегишли идоралар масъуллари билан биргаликда ечим топиладиган бўлди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири