Бугун юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида яна бир ўқув йили якунланди. Шу боис мактабларда "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари бўлиб ўтди. Мазкур тадбирларда давлатимиз мадҳияси янгради, турли куй-қўйиқлар, саҳна кўринишлари намойиш этилди, битирувчи ўғил-қизларимизга илиқ тилаклар билдирилди.
"Сўнгги қўнғироқ" тадбирларида фаоллар, кўзга кўринган инсонлар, турли соҳа вакиллари ҳам иштирок этиб, ёшларга ўзларининг самимий тилакларини билдирдилар. Жумладан, Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутати Дурбек Аҳмедов пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 81-сонли умумтаълим мактабига ташриф буюриб, мактаб битирувчиларини “Сўнгги қўнғироқ” байрами билан табриклади. Келгуси ҳаёт йўлларида омад ва зафарлар тилади. Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, улар учун кенг имконият яратилаётганини таъкидлади.


Шунингдек, халқ вакили мактабни аъло баҳоларга тамомлаб муддатидан олдин талаба бўлган, чет тили бўйича юқори натижаларга эришган ўқувчиларга китоблар ва бошқа эсдалик совғаларини топширди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА