Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Рисқул Сиддиқов амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида Жиззах вилоятининг Бахмал туманига келди.
Тумандаги ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ишлар, янги қурилаётган объектлар, таълим тизимидаги янгиланишлар, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслар, энг муҳими, одамлар кайфияти – депутатнинг асосий диққат марказида бўлди.

– Кейинги 2–3 йил ичида Бахмал туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса ўз томорқасини даромад манбаига айлантираётган фуқаролар сонининг ошгани, туризм салоҳиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганига гувоҳ бўлдим, – деди Р. Сиддиқов. – Бу ўзгаришлар одамларнинг фаоллиги ва эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда.

Ўрганишлар давомида депутат Оқтош маҳалласида инвестиция дастури асосида қурилаётган 12-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биносининг қурилиши билан танишди. Қурилиш ишларининг сифати, қурувчиларнинг иш шароитини ўрганди.

Шунингдек, депутат туманнинг 2-сонли политехникумида бўлиб, бу ерда дуал таълим тизими амалиётга жорий этилгани ҳамда техникум ўқувчи ёшларининг амалий кўникмаларини оширишга қаратилган устахоналар билан танишди.
Бундан ташқари, Р. Сиддиқов тумандаги Мустақиллик маҳалласининг еттилик аъзолари билан учрашиб, аҳолини қийнаётган долзарб масалалар юзасидан очиқ мулоқот қилди. Мазкур мулоқотда йўл, ичимлик суви, ишсизлик, инфратузилма каби ҳаётий муаммолар муҳокама этилиб, уларни манзилли ҳал этиш механизмларини кучайтириш зарурлиги билдирилди.
Туман фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда коррупцияга қарши кураш, қонунчиликдаги янгиликлар ва уларнинг жойлардаги татбиқи, ҳуқуқий маданиятни оширишга доир масалалар атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, депутат қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти бўйича тарғибот ишларини янада кучайтириш, аҳоли орасида ҳуқуқий онгни ошириш юзасидан таклифлар берди.
– Ҳақиқий халқ вакилининг иши фақат қонун қабул қилиш эмас, балки унинг ҳаётга қай даражада татбиқ этилаётганини жойларга чиқиб ўрганиши, муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, уларни ҳал қилишда фаол иштирок этиши лозим, – деди депутат.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА