Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жаҳонгир Ширинов билан навбатдаги учрашув Қоракўл туманининг “Қозон” маҳалла фуқаролари йиғинида ташкил этилди.
Депутат фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилиб, аҳолининг мурожаатларини тинглади. Ҳар бир масала атрофлича муҳокама қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли ташкилот ва масъуллар иштирокида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Шунингдек, маҳалладаги “еттилик” вакиллари билан Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан, 2026 йилда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтиришга қаратилган устувор йўналишлар бўйича фикр алмашилди. Мулоқот якунида маҳалла фаолиятини янада фаоллаштириш, аҳоли билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, муаммоларни жойида ҳал этиш механизмларини кучайтириш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Ташриф доирасида депутат масъуллар иштирокида тумандаги 19-умумий ўрта таълим мактабининг спорт зали ҳолатини ҳам ўрганди. Спорт зали биноси 1960 йилларда қурилгани, эскиргани ва бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Шу боис, спорт залини тўлиқ реконструкция қилиш ёки янгидан қуриш зарурлиги қайд этилди.
Жаҳонгир Ширинов Қоракўл туманида барпо этилаётган “Соҳил бўйи” сайлгоҳи қурилиши билан ҳам танишиб, мазкур ҳудудни туман аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай, замонавий ва жозибадор дам олиш масканига айлантириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини билдирди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири