Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эмма Аслонова Бухоро вилояти Когон туманида жойлашган “Parravshan Trans” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Мазкур корхона 2006 йил 31 октябрда ташкил этилган. Асосий йўналиши паррандачиликнинг тухум етиштириш, қўшимча йўналиши эса чорвачиликнинг сут ишлаб чиқариш соҳаларидир.
Дастлаб 4 нафар ходим билан иш бошлаган корхона бугунги кунда 100 нафар ишчи-ходимни доимий иш ўрни билан таъминлаган. Янги ишга туширилаётган цех эса қўшимча равишда 10-15 нафар фуқарони иш билан таъминлаш имконини яратади.

Бугунги кунда янги қурилаётган корхонада 250 минг бош товуқ сақланиб, йил давомида 90 мингта жўжа чиқариш йўлга қўйилиши кутилмоқда.
Депутат корхона раҳбарияти ва ходимлари билан суҳбатлашиб, мавжуд муаммо ва таклифларни тинглади, уларни бартараф этиш бўйича тегишли тавсиялар берди.

Шунингдек, депутат “Buxoro-Texron” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди.
Мазкур корхона 2005 йилда ташкил этилган бўлиб, полипропилен қоплар ишлаб чиқарилади. Корхонада 20 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда. Корхона ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва иш ўринларини сақлаб қолиш йўналишида фаолият олиб бормоқда.

Корхонада ишлаб чиқариш жараёнида замонавий технологик ускуналардан фойдаланилади. Умумий қиймати 900 минг АҚШ доллари бўлган аппаратлар орқали маҳсулот ишлаб чиқарилади ҳамда ҳар йили тахминан 100 минг долларлик ускуналар янгиланади.

Шу билан бирга, корхона фаолиятида электр таъминоти билан боғлиқ қийинчиликлар мавжуд. Электр энергияси нархининг юқорилиги ва кучланишнинг тез-тез тушиб кетиши натижасида айрим ҳолатларда аппаратлар ишдан чиқиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Шунингдек, корхона раҳбарияти кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширишда қийинчиликка дуч келаётганини, айрим ҳолатларда масала судга чиқиш даражасига етиб борганини таъкидлади. Шу боис, корхона тўлов муддатларини узайтириш ва молиявий енгиллик яратишда амалий ёрдам сўради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири