Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати М.Муҳаммедов Ғиждувон туманидаги 66- умумтаълим мактабида бўлиб, таълим муассасасининг фаолияти ва шароитлари билан танишди.
1958 йилда фойдаланишга топширилган мактаб 400 ўринли бўлиб, таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш учун зарур шароитлар кўриб чиқилди.
Ўрганиш давомида мактабнинг китоблар билан таъминланганлиги, ошхона, шунингдек, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида ташкил этилган синфхоналар ҳолати ўрганилди.

Мактабда фаолият олиб бораётган педагоглар билан суҳбат жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳамда унда илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ҳамда 2026–2030-йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг асосий йўналишлари кенг жамоатчиликка тушунтирилди. Шу билан бирга, лойиҳа бўйича таклиф ва мулоҳазалар тингланди.
Суҳбат жараёнида педагоглар ҳамда мактаб ўқувчиларининг ота-оналари мактабга олиб борувчи йўлнинг, айниқса, қиш кунлари ёмғир ва қор ёққан пайтларда лой ва сувга тўлиб қолиши, йўлнинг талаб даражасида эмаслиги, шунингдек, йўлни таъмирлаш ва асфальт ётқизиш зарурлиги бўйича мурожаат билдиришди.
Депутатлар ушбу масалани тезкор ҳал этиш мақсадида шу куннинг ўзида туман мутасаддилари билан боғланиб, йўлни текислаш бўйича ўз таклифларини билдирди ва яқин кунларда йўл таъмирланиши белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Раҳимов Бухоро шаҳридаги “Афшормаҳалла” маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти билан танишди.
Дастлаб маҳалла еттилиги фаолияти яқиндан ўрганилиб, аҳоли билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва ҳудудни ободонлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида маҳаллада ишсизлик даражаси 0,1 фоизга туширилгани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, “Афшормаҳалла” маҳалласи томонидан яқин истиқболда ҳудудни жиноятчилик ва ишсизликдан холи маҳалла мақомига олиб чиқиш бўйича аниқ ва истиқболли режалар ишлаб чиқилгани таъкидланди. Аҳолининг тарқоқ жойлашганлиги сабабли ҳудудда умумтаълим мактаби ва давлат мактабгача таълим ташкилоти барпо этиш зарурати юзасидан фикр алмашилди.

Ўрганишлар давомида “Кунжуқалъа спорт майдони” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишилди. Тадбиркор А. Афзалов томонидан амалга оширилган ишлар ижобий баҳоланди. Ҳудудда савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларини кенгайтириш, шунингдек, келгусида хусусий мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш режалари муҳокама қилинди. Савдо мажмуаси атрофида яшил ҳудудларни кенгайтириш ва аҳоли учун қулайликлар яратиш юзасидан тавсиялар берилди.
Шунингдек, маҳалла ҳудудида жойлашган уй-меҳмонхонаси фаолияти кўздан кечирилиб, уни замонавий талаблар даражасига келтириш, меҳмонлар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда хизматлар тури ва сифатини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири