Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутат муаммога ечим топди
16:30 / 2026-03-10

Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманидаги “Адил” аҳоли пунктида узоқ вақтдан буён ечимини кутаётган электр таъминоти масаласи депутат аралашуви билан ижобий ҳал этилди.

Бугунги кунда маҳаллий Кенгаш аъзолари нафақат қонун ижодкорлиги, балки бевосита жойларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга амалий ечим топишда асосий бўғин вазифасини ўтамоқда. Элликқалъа тумани “Дўстлик” овул фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи сайловчилар билан ўтказилган навбатдаги учрашув ҳам айнан шундай ижобий натижага хизмат қилди.

 “Адил” сайлов округидан сайланган туман Кенгаши депутати Ўринбой Каримов билан мулоқот чоғида фуқаро Рейимбай Жуманиязов ҳудуддаги оғриқли масалани кўтарди. Маълум бўлишича, мазкур аҳоли пунктига замонавий талабларга жавоб берадиган 900 метр масофадаги СИП кабели янгидан тортилган. Бироқ, техник сабаблар ёки масъулларнинг эътиборсизлиги оқибатида ушбу тармоқ трансформаторга уланмай қолиб кетди. Натижада янги инфратузилма мавжуд бўлса-да, аҳоли барқарор электр қувватидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум эди.

Депутат масаланинг моҳиятини чуқур ўрганиб, уни дарҳол назоратга олди. Сайловчилар ишончини оқлаш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Элликқалъа тумани электр таъминоти корхонасига расмий депутат сўрови юборилди. Унда кўтарилган масала шунчаки қоғозда қолиб кетмади. Депутат сўрови асосида соҳа мутахассислари ва техник гуруҳ жалб этилиб, қисқа фурсат ичида тегишли амалий чоралар кўрилди ва 900 метрли СИП кабель тармоғи марказий трансформаторга уланди.

– Бизнинг асосий вазифамиз сайловчиларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, ҳар бир мурожаат ортида турган инсон тақдирига дахлдорлик ҳисси билан ёндашишдир, – дейди депутат Ўринбой Каримов.

Бугунги кунда туманда фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасидаги изчил ишлар давом этмоқда. Халқ вакилларининг бундай ташаббускорлиги эса давлат идоралари ва халқ ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.