English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ДEПУТАТ МИНБАРИ: вақтинчалик чоралар билан камбағалликни енгиб бўлмайди
18:24 / 2020-08-18

Камбағаллик бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ. Ҳар қайси замонда, ҳар қайси мамлакатда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам кам таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли қатлами бор.


Камбағаллик бугун ёки кеча пайдо бўлгани йўқ. Ҳар қайси замонда, ҳар қайси мамлакатда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам кам таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли қатлами бор.

Эсингизда бўлса, давлатимиз раҳбари парламентга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимиздаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилган эди. Бу 4-5 миллион аҳоли етарли даромад манбаига эга эмаслигини, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини билдиради. Таҳлилларга кўра, ана шу юртдошларимизнинг бир кунлик даромади 10-15 минг сўмдан ошмас экан...

Камбағаллик, уни камайтириш ҳақида кўп гапиряпмиз. Бу борадаги рақам ва кўрсаткичларни ҳар томонлама таҳлил этаяпмиз, таклифлар бераяпмиз. Хўш, камбағал аслида ким? Уни қайси мезонлар асосида белгилаймиз? Бу ҳақда ЎзА мухбирига Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шербек БЎРОНОВ сўзлаб берди.

– Бунинг учун, биринчи навбатда, камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонларини белгилаш, яъни «истеъмол саватчаси» ва «яшаш минимуми» ҳақида алоҳида қонун қабул қилиниши зарурлиги кўп айтилди, – деди Шербек БЎРОНОВ. – Керакли қонун қабул қилинмасдан, кучга кирмасдан туриб, камбағалликни қисқартириш дастурларини самарали амалга ошириб бўлмайди. Катта маблағ, ҳаракат, вақт зоя кетиши мумкин. Қайси оила нима учун қийин вазиятда? Кимга қандай ёрдам кўрсатиш керак? Бу саволларга асосланган жавобни билмасдан камбағалликни қисқартириш осон бўлмайди. 

Тўғри, камбағалликни камайтириш чоралари ишлаб чиқилди, «Темир дафтар» юритиш тизими жорий этилди. Лекин, биз бир нарсани унутмайликки, яшаш минимуми миқдорини белгиламасдан туриб, камбағалликни қисқартиришда тўсиқларга дуч келаверамиз. Барча сайъ-ҳаракатлар вақт ўтиши билан мақсадсиз ва самарасиз бўлиб қолиши мумкин.

Ш.Бўроновнинг айтишича, Парламент қуйи палатасидаги фракция томонидан «Яшаш минимуми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва концепцияси ишлаб чиқилиб, ҳукуматга киритилган. Депутатлар, партия фаоллари ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи «истеъмол саватчаси» ва «яшаш минимуми»ни белгилаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини амалга оширмоқда.

Албатта, ҳозирги пандемия шароитида бу борадаги муносабатларни тартибга солишда бир қатор қийинчиликлар пайдо бўлиши аниқ. Иқтисодий томондан мураккаб бўлган бугунги вазиятда ушбу меъёрни рўёбга чиқариш осон жараён эмас. Аммо бошқа муқобил йўл йўқ. Яъни, «Яшаш минимуми тўғрисида» қонун қабул қилиш масаласини ҳар хил баҳоналар билан орқага суришдан ҳеч қандай наф чиқмайди, деб ўйлайман.