Ёшларнинг чуқур билим олиши, юксак маънавиятли ва Ватанга садоқатли фарзандлар бўлиб улғайиши, келажакда жамиятда ўз ўрнини топиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшишлари давлат сиёсатининг устувор мақсадларидан.
Мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, билим беришнинг илғор усулларини татбиқ этиш юзасидан эътиборга молик ишлар қилинмоқдаки, натижада энг чекка ҳудудларда ҳам замонавий, барча шарт-шароитларга эга ўқув масканлари барпо этилмоқда. Барча даражадаги масъуллар, халқ ноиблари ёш авлод таълим-тарбиясидек эзгу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Янги Наманган туманидаги 93-сонли умумтаълим мактаби янги бунёд этилган ўқув даргоҳи бўлса-да, педагогик жамоа муносиб ютуқларни қўлга киритиб келмоқда.


Билимгоҳда айни пайтда 729 ўқувчи 46 педагогдан сабоқ олмоқда. Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Аҳмаджон Аълохўжаев ушбу мактаб ўқувчилари билан учрашди. Депутат давра суҳбатида юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, уларда халқ манфаатининг олий ўринга қўйилаётгани, 2023 йил - "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" давлат дастурини амалга оширишдан кўзланган мақсад, ёшларнинг ота-ота, устозлар ва Ватан олдидаги бурч-вазифалари хусусида атрофлича сўз юритди.

Дархақиқат, бугун ёшлардан умидимиз катта. Эртамиз эгаларининг сифатли таълим олиши, мактаб давридаёқ ҳар бир ўқувчининг ҳеч бўлмаганда иккитадан чет тилини ва битта ҳунарни мукаммал ўрганиши, хорижий тажрибалар асосида таълим самарадорлигини оширишга эришиш учун педагог-ўқитувчилар ва ота-оналар зиммасида катта вазифалар турибди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу бежиз эмас, бугунги мактаб таълими кечагидан тубдан фарқ қилиши керак. Тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ҳар бир ўқувчи ва ўқитувчининг ўзига нисбатан талабчанлигига боғлиқ. Самимий руҳда, долзарб фикр-мулоҳазаларга бой тарзда кечган мулоқот якунида депутат Аҳмаджон Аълохўжаев мактаб жамоасига 100 дан ортиқ бадиий адабиётлар ва замонавий компьютер жамланмасини совға қилди.


Бундай сермазмун амалий учрашувлар ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларининг янада кучайишига хизмат қилиши, шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА