Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бугунги кунда нафақат коммунал соҳада, балки ижтимоий объектларда ҳам долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган қатор қарор ва дастурлар аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган.
Шу мақсадда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Гулнора Абдулвоҳидова масъуллар билан биргаликда Асака туман соғлиқни сақлаш бўлими фаолияти билан танишди.
Маълумки, мазкур тиббиёт муассасаси Президентимизнинг 2025 йил 19 майдаги қарорига асосан тажриба-синов тарзида қайта ташкил этилган. Ушбу ислоҳот доирасида туман тиббиёт бирлашмаси Асака туман соғлиқни сақлаш бўлимига айлантирилди. Тузилма таркибига марказий шифохона, икки туғруқ комплекси, маслаҳат-диагностика маркази, юқумли касалликлар бўлими ҳамда 19 та оилавий поликлиника киритилган.
[gallery-25995]
Депутат Гулнора Абдулвоҳидова тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари билан танишар экан, айниқса, марказий шифохонанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, иссиқлик тизими, ёқилғи захиралари ва беморлар учун яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратди.
– Муассаса раҳбарларининг масъулиятлилиги ва талабчанлиги қувонарли, – дейди депутат. – Беморлар бу жойга умид билан келади. Уларнинг соғломлиги учун етарли шароит яратиш биринчи даражали вазифа бўлиши лозим.
Таъкидланишича, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Бу эса “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган давлат сиёсатининг амалдаги ифодасидир.
Учрашув якунида халқ вакили сайловчилар билан ҳам суҳбат ўтказиб, уларни қизиқтирган масалалар юзасидан жавоб берди ҳамда таклифларини тинглади.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари