Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Депутат кўмагида 5 та мактаб Давлат дастури доирасида таъмирланмоқда
12:33 / 2022-08-29

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойлардаги фаолияти давомида сайловчиларни энг улуғ, энг азиз байрам — мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги билан табриклаб, истиқлол йилларида эришилган натижалар, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тушунтиришлар олиб борди.

Шунингдек, халқ вакиллари мутасадди ташкилот вакиллари билан ҳудудлардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар берди, таълим муассасалари фаолиятини ўрганиб, зарур чораларни кўрди.

Депутатлар Н.Юсупов ва Т.Аҳмадалиев Андижон вилоятидаги сайловчилар билан учрашув давомида қонун ижодкорлиги янгиликлари, жумладан, айни вақтда Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрланаётган “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтирдилар.

Шунингдек, депутатлар бир қатор таълим муассасаларида ҳам бўлиб, уларнинг 2022-2023 ўқув йилига тайёргарлик ҳолати, ўқувчиларни синф хоналари ва бошқа зарурий ашёлар билан таъминлаш бўйича қилинган ишлар билан танишди.

Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев ҳам Жиззах вилоятидаги ўрганишлари давомида қатор таълим муассасаларида бўлди.

Депутатнинг саъй-ҳаракати билан Жиззах вилоятидаги 5 та умумтаълим мактаби Давлат дастурига киритилиб, мукаммал таъмирланмоқда. Айни кунларда уларнинг аксарияти фойдаланишга топширилмоқда.

— Жиззах шаҳрининг "Амир Темур" маҳалласида жойлашган 23-умумтаълим мактаби биноси 1980 йилларда қурилган бўлиб, 354 ўринга мўлжалланган, — дейди депутат. — Аммо, бугунги кунда 870 ўқувчи таҳсил олади. Иншоот 40 йил ичида анчагина таъмирталаб бўлиб қолган эди. Бугунги кунда бино тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Ш.Рашидов туманидаги "Олмачи" маҳалласида жойлашган 20-мактаб биноси ҳам қайта қурилди. У 1980 йилда бунёд этилган бўлиб, 630 ўринга мўлжалланган мактабда 1400 нафар ўқувчи таҳсил олиб келаётган эди. Ушбу илм даргоҳини кенгайтириш, замонавий усулда таъмирлаш ишлари олиб борилди, қўшимча 330 ўринли янги бино қурилди. Жиззах шаҳрининг “Тинчлик” маҳалласида жойлашган 26-умумтаълим мактабида ҳам янги бино қуриш ишлари бошлаб юборилган. Жорий йилнинг ноябрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Жиззах шаҳридаги 1-умумтаълим ҳамда 22-сонли кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган мактабларида ҳам бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти. Яқин кунларда улар ҳам фойдаланишга топширилади. Вилоятдаги фаолиятимиз давомида Давлат дастурига киритилган мазкур мактаблардаги қурилиш жараёнлари қандай кетаётганини кўздан кечирдик. Қурувчилар билан доимий тарзда суҳбатлашиб, фойдаланилаётган материалларнинг сифати, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниш даражасини ўргандик.

Халқ вакилларининг ҳудудлардаги фаолияти мобайнида бу каби амалий саъй-ҳаракатлар ҳамда тарғибот ишларининг олиб борилиши аҳолига юқори кайфият улашди.

 

М.Комилова, ЎзА