Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Рашидова Қорақалпоғистон Республикаси ташрифи чоғида дастлаб Тахиатош туманида бўлди.
Ўрганишлар Тахиатош туман ҳокими ва халқ депутатлари туман Кенгаши аъзолари билан учрашувдан бошланди. Унда олиб борилган ишлар билан биргаликда қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида сўз борди.

Шундан кейин депутат туман тиббиёт бирлашмасида бўлди. Бу ерда туғруқ бўлими фаолияти билан танишиб, аёллар ва болалар учун яратилган қулайликлар, сўнгги ва замонавий тиббий буюмлар билан таъминланганлик ҳолатини ўрганди. Аҳоли саломатлигини сақлаш борасида олиб борилаётган ишлар натижаси билан танишди.

Ташриф доирасида “Найманкўл” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла еттилиги фаолиятини, ижтимоий соҳа объектларини яқиндан ўрганди. Коррупцияга қарши курашиш, аҳолини иш билан банд қилиш, тўй-ҳашам масалалари юзасидан суҳбат ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида аҳолини қийнаб келаётган масалаларга ечим топиш ва уларни бартараф этиш, янада бандлигини таъминлашга қаратилган масалалар юзасидан суҳбатлашиб, маҳалла раиси билан ишсизликни бартараф этиш бўйича масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек туман қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан мева-сабзавотчиликни интенсив ривожлантириш, янги уруғ навларини яратиш орқали қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини оширишнинг устувор вазифалари юзасидан давра суҳбати ўтказди.

Нодира Рашидова бундан кейин Тахтакўпир туманидаги “Тахтакўпир” шаҳарча, Кегейли туманидаги “Жузимбоғ” овул фуқаролар йиғинлари маҳалла еттилиги билан учрашди. Улар томонидан аҳоли билан олиб борилаётган ишларни яқиндан ўрганди. Шу жумладан, “Жузимбоғ” овул фуқаролар йиғини аҳолиси томонидан келиб тушган ичимлик суви масаласига ечим топиш бўйича қилиниши зарур ишлар белгилаб олинди.
Ташриф давомида депутат Нукус шаҳридаги “Қос-кўл” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Шодигул Турсинмурадова хонадонида бўлиб, ўз-ўзини банд қилиш, мамлакатимизда хотин-қизларга яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берди.
Шунингдек, Н. Рашидова Хўжайли туманида ўтказилган “Яшил макон” акциясида ҳам иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА