Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига 30-Ғиждувон сайлов округидан сайланган Шуҳрат Бафоев тадбиркорлар билан учрашди.
Учрашувда жорий йилнинг 22 август куни Халқаро конгресс марказида Президентимизнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти ва унда илгари сурилган мақсад ва вазифалар ҳақида сўз борди. Бу тарихий учрашувнинг тадбиркорлар фаолиятида қатор янгидан-янги имкониятлар эшигини очишини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та йўналиш соҳа ходимлари учун асосий дастуруламал эканлиги айтиб ўтилди ҳамда туман тадбиркорлари ҳам ана шу йўналишлар асосида ўзларининг келгусидаги вазифаларини белгилаб олишлари зарурлиги қайд этилди.
Туман тадбиркорлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда соҳанинг турли жабҳаларида фаолият олиб бораётган кишиларнинг айрим муаммолари ҳам тингланди. Улар ечими бўйича тегишли чора тадбирлар белгиланди.
Жумладан, ҳудуднинг Ф.Хўжаев маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорликнинг савдо-сотиқ йўналишида фаолият юритиб келаётган Қ.Жўраевнинг дўкони туман режасига асосан олиб ташланганлиги муносабати билан тадбиркор унга фаолият юритиши учун бошқа жой ажратиш ҳамда етказилган зарарни қоплаб бериш бўйича товон пули ажратилишида амалий ёрдам беришни сўради.
Тадбиркорликни бошламоқчи бўлган яна бир фуқаро Ғиждувон шаҳрида психологик марказ очиш учун унга жой ва имтиёзли кредит масаласида ёрдам беришни сўраб мурожаат этди.
Масалалар атрофлича муҳокама этилди. Тегишли тартибда ёрдам берилиши таъкидланди
Зариф Комилов, ЎзА