Депутат Дониёр Ғаниев: Инновацион соҳада янги ягона қонун ҳужжати зарур
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати амалдаги қонунчилигимизда айни пайтда инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати мавжуд эмаслигини айтмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев амалдаги қонунчилигимизда айни пайтда инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати мавжуд эмаслигини айтмоқда.
Дониёр Ғаниев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:
Таъкидлаш жоиз, республикамизда бугунга қадар илм-фан ва инновацион фаолиятга оид 1 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та Фармони, 17 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 20 та қарори ва 4 та фармойиши — жами 45 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Аммо амалдаги қонунчилигимизда айни пайтда инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжати мавжуд эмас эди.
Мазкур қонун лойиҳаси Президентимизнинг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисида”ги Фармонининг 3-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Яқинда парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда муҳокама қилиниб, айни пайтда иккинчи ўқишга тайёрланаётган ушбу қонун лойиҳаси қўмитамиз аъзолари ва Инновация вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан моддама-модда кўриб чиқиляпти. Бунда, қонун лойиҳаси меъёрларининг жаҳоннинг ривожланган давлатлари муқобил қонунчилик актлари, шунингдек, намунавий қонунчилик тавсиялари билан қиёсий-таққослама таҳлил ўтказилди. Қонун лойиҳасини амалиётда инновацион фаолият эркинлиги ва иқтисодий жозибадорлигини таъминлайдиган меъёрлар билан тўлдириш борасида катта ишлар олиб борилди.
Шунингдек, қонун лойиҳасини янада маромига етказиш, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар билан бойитиш мақсадида шу йил 6 март куни қўмита томонидан Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Академиклар, илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари иштирокида бўлиб ўтган тадбир давомида қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, бир қатор таклифлар билдирилди.
Бунинг натижасида, 5 бобдан иборат, жами 39 модда билан тўлдирилган якуний қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Энг муҳими, ушбу лойиҳада биринчи навбатда инновацион фаолият фаолиятни тизимли йўлга қўйилиши ва самарали олиб борилишини таъминлаш мақсадида соҳада фойдаланиладиган атамаларни бир хил маънода ишлатишни тартибга солувчи асосий тушунчалар белгиланди. Инновацион фаолият субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, технологиялар трансфери, инновацион фаолиятни ташкил этиш шакллари ҳамда молиялаштириш манбаларига аниқлик киритилди.
Лойиҳада давлат инновацион сиёсатини амалга ошириш ҳамда инновацион фаолиятни тартибга солиш соҳасида давлат ҳокимияти, ваколатли орган ва бошқа бошқарув органлар ўртасидаги ваколатларнинг аниқ чегаралари белгилаб берилди. Чунки инновацион фаолият соҳасида самарали бошқарув механизмларининг яратилиши илмий-тадқиқот ишларининг натижадорлигини таъминлаш ҳамда молиявий ресурслардан оқилона фойдаланишга муҳим рол ўйнайди.
Умуман олганда, мазкур қонунни қабул қилиниши инновацион фаолият соҳалари ва унинг барча иштирокчилари ўртасидаги ўзаро самарали ҳамкорлик учун ҳуқуқий асослар ва қонуний ваколатларни таъминлайди.