Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигида депутатлар ва партия вакиллардан иборат ишчи гуруҳ Бухоро вилоятидаги “Бухоро энергомарказ”акциядорлик жамиятида бўлди. Корхона томонидан Бухоро шаҳридаги 200 дан зиёд кўп қаватли уйлар ҳамда 32 та ижтимоий соҳа объектларига марказлашган иссиқлик таъминоти хизмати кўрсатилади.
Корхонани модернизация қилиш мақсадида Жаҳон банки маблағлари жалб қилинган бўлиб, лойиҳа доирасида 100 МВтли замонавий янги сув иситиш қозонлари ўрнатилган. Кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларига 273 индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатилиб, 5,5 километр янги иссиқлик қувурларга алмаштирилган.

Ишчи гуруҳ “Бухоро энергомарказ” АЖ ҳудудида ташкил этилган иссиқхона ва лимон боғи билан ҳам танишди. Партия раҳбари иссиқхона фаолиятини экологик талабларга риоя этган ҳолда янада ривожлантириш бўйича ўз тавсияларини берди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ Бухоро шаҳрида жойлашган 76-сонли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишди. Ўрганиш жараёнида тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим муассасаси ҳудудининг кўкаламзорлаштириш даражаси, мавжуд дарахт ва кўчатларнинг ҳолати ҳамда уларни парваришлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу асосда ҳудудни янада ободонлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш бўйича қатор амалий таклифлар билдирилди.

– Экологик барқарорликка эришишда болаликдан экологик онг ва маданиятни шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Агар биз экологик барқарор жамият қуришни мақсад қилган эканмиз, аввало, экологик тарбияни мактабгача таълим босқичидан бошлашимиз зарур. Зеро, эртанги кун эгалари айнан шу болалардир. Уларнинг табиатга бўлган меҳри, экологик билим ва маданияти қанчалик юксак бўлса, келажагимиз ҳам шунчалик соғлом ва барқарор бўлади, –дейди Абдушукур Ҳамзаев.
Ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили 39-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб интернати бўлди. Ўрганиш давомида таълим шароитлари билан танишилди. Малакали таълим ва илмнинг ёшлар келажагидаги ўрни, шунингдек, юртимиз ривожи учун билимнинг тамал тоши эканлиги ҳақида муҳим фикрлар билдирилди. Ўқувчиларга ҳар дақиқа билимдан самарали фойдаланиш, сунъий интеллект имкониятлари ва унинг замонавий ютуқлари ҳақида сўз юритилди.

Мактабда 2300 нафар ўқувчи таҳсил олади ва уларнинг 90 фоизи ҳар йили олийгоҳларга кириш имтиҳонларида муваффақият қозонади. Шу билан бирга, аҳоли сонининг ортиши сабабли мактабларни кўпайтириш бўйича амалий таклифлар ҳам билдирилди. Бу учрашув ёшлар билан бевосита мулоқот қилиш, таълим сифати ва шароитларини яхшилашга қаратилган амалий ишларнинг муҳим намунасидир.
Ишчи гуруҳ Бухоро вилояти стоматология поликлиникаси фаолияти билан танишди. Ўрганиш давомида муассасанинг моддий-техник базаси, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ҳамда аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Клиникада жорий этилган замонавий диагностика ва даволаш усуллари, юқори технологияли тиббий ускуналар имкониятлари ҳамда малакали мутахассислар фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Фракция раҳбари соҳа ривожи, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда стоматологик хизматларнинг ўрни муҳим эканини таъкидлаб, тиббиёт муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва хизматлар сифатини янада оширишга қаратилган ташаббуслар давом эттирилишини қайд этди.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги ўрганиш манзили Бухоро вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳузуридаги фитосанитария лабораторияси бўлди. Мазкур лабораторияда уч йўналиш бўйича ихтисослашган мутахассислар томонидан чет давлатлардан импорт қилинадиган ўсимлик маҳсулотлари, уруғлар ҳамда дарахт кўчатлари таркибида турли бегона касалликлар, зараркунанда ҳашаротлар уруғлари ва ёввойи ўтлар мавжуд эмаслиги бўйича илмий асосда таҳлил қилинади.
Мўъжазгина томорқасида ҳалол меҳнат қилиб, яхши даромад топаётган юртдошларимиз талайгина. Бухоро тумани, “Работиқалмоқ” маҳалласида яшовчи Ҳайдар Наврўзов ана шундай меҳнаткашлардан бири. У ўз томорқасида 4 сотих иссиқхона ташкил қилган бўлиб, мана шу иссиқхонада лимон етиштириш орқали йилига 50-60 миллион сўмгача даромад топмоқда.
Партия раҳбари Ҳайдар Наврўзовнинг томорқадан унумли фойдаланаётгани ва бундан даромад топаётгани бошқалар учун ҳам ибрат эканлигини таъкидлаб, томорқаси бўш турган ҳар бир хонадон мана шундай меҳнат қилса, интилса, аҳоли фаровонлиги янада ортишини қайд этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев Бухоро давлат техника университети талабалари билан учрашди. Дастлаб, талабалар томонидан чиқиндилардан тайёрланган санъат асарлари кўргазмаси билан танишди. Учрашувда экология йўналишида амалга оширилаётган ишлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида тушунтиришлар берилди
Учрашув якунида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш акцияси ҳам ўтказилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.