Халқ депутатлари Кармана тумани кенгаши депутати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Беҳзод Савуров Кармана тумани, “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 18-мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, у ерда болаларнинг замон талаблари асосида таълим-тарбия олиши учун яратилган шароит билан танишди.
Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, ҳар қандай давлатнинг равнақи унда етишиб чиққан кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқ.
Бугунги кунда таълим муассасасида 6 гуруҳда 140 нафар болажонлар тарбияланмоқда. Депутат тарбиячи-педагоглар билан суҳбатлашиб, у ердаги мавжуд муаммоларни ўрганди. Шунингдек, ташкилотнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
– Шуни тан олиб айтишимиз керакки, 2019 йилда бўлиб ўтган сайловлар нафақат халқимизнинг дунёқарашини ўзгартирди, балки депутатларимизнинг ҳам ташаббускорлиги ва фаоллиги ошиб, халқни қийнаб келаётган муаммо ва ташвишларга эътиборини орттирди, – дейди МТТ мудираси Назира Бозорова. – Бугун муассасамизга ташриф буюрган туманимизнинг ёш ва фаол депуталаридан бири Беҳзод Савуров ҳам ташкилотимиз фаолияти билан танишиб, бугунги кунгача ечилмай келаётган баъзи муаммоларимизни ўрганди ва уларни бартараф этиш бўйича мутасадди ташкилотларни жалб этиш борасида ишларни белгилаб олди.
Гуруҳларда бўлаётган машғулотларда иштирок этган депутат болаларнинг зукколиги ва билимдонлигини синовдан ўтказиш баробарида, уларга турли мавзулардаги қизиқарли китобларни совға қилди.
Абдували БЎРИЕВ, ЎзА