Самарқанд вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутат Азамат Пардаев сайловчиларнинг яшаш шароити, эҳтиёжлари ва уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида Булунғур туманининг Ғўбдин ҳамда Оқтош маҳаллаларида бўлди.
Маҳалла “еттилиги” фаолияти, ҳудудда аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Оқтош маҳалласида асаларичилик билан шуғулланувчи Бахтиёр Бойхўрозов тажрибаси ўрганилиб, уни оммалаштириш, маҳаллада тадбиркорликни янада ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Аҳоли билан юзма-юз мулоқот чоғида қайд этилган Мўминобод қишлоғидаги электр тармоғи билан боғлиқ муаммо туман электр тармоқлари корхонаси масъуллари иштирокида жойида ўрганилиб, ҳал этилди.

Шунингдек, депутат таълим ва тиббиёт муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини эшитди.

– 31-умумтаълим мактабидаги учрашувда узоқ масофадан қатновчи ўқувчилар учун ажратилган автобуснинг ижара муддати тугаётгани ва уни қайта ижарага олишда айрим ташкилий муаммолар мавжудлиги айтилди, – дейди Азамат Пардаев. – Масала юзасидан туман ҳокимлиги, мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутасаддилари билан гаплашиб, автобуснинг ижара муддатини узайтириш ва ўқувчиларнинг мактабга қатновини узлуксиз таъминлашга келишиб олдик.
Учрашувларда билдирилган ҳар бир мурожаат ва таклиф назоратга олиниб, улар асосида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишларни амалга ошириш белгилаб олинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири