Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутат, “Art Soft Holding” компанияси раҳбари, ЎзЛиДеП фаоли Олимхон Бобохонов томонидан Наманган шаҳридаги “Ғишткўприк” даҳасида ташкил этилган депутатлик қабулхонаси аҳоли, шу жумладан, сайлов округи ҳудудида жойлашган сайловчиларнинг мурожаатларини тинглаш, уларга амалий ечим топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, депутатга “Сумалак гузари” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Балиқчи” кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари томонидан ушбу кўчадаги сув тармоғи қувурининг ёрилиши туфайли хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва кўчанинг қатнов қисмидан автомобиль, пиёдалар ҳаракатланишида юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат билдирилди.
Мазкур мурожаат депутат томонидан ўрганиб чиқилиб, зарур бўлган 200 метр сув қувури халқ ноибининг маблағи эвазига беғараз етказиб берилди. Аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қисқа муддатда сув қувурлари янгиланди. Бунинг натижаси ўлароқ, 35 та хонадон тоза ичимлик суви билан яна тўлиқ таъминланишига эришилди.
– Тўғриси, олдинги чақириқларда сайланган депутатларимизда фаоллик ва жонкуярлик кўзга ташланмас эди, – дейди “Сумалак гузари” маҳалласи фуқароси Исоқжон Мирзабоев. – Уларни маҳалламизда деярли учратмасдик, мулоқот қилиб ўз масаламизни қўя олмасдик. Кейинги йилларда сиёсий партиялар, айниқса депутатларимиз халқнинг ичига кириб борди. Турли масала ва муаммолар улар томонидан эшитиляпти, ҳал этилмоқда. Ҳудудимиздан сайланган депутат Олимхон Бобохонов сув билан боғлиқ муаммони ижобий ҳал этишга амалий ёрдам берди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА