Депрессия бугунги кунда дунё бўйлаб кенг тарқалган руҳий касаллик сифатида миллионлаб одамлар ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Одатда бу муаммо психологик терапия, яъни мутахассис билан суҳбат ёки дори-дармон ёрдамида ҳал қилинади. Янги илмий таҳлил эса шуни кўрсатдики, айни ҳолатда шунчаки жисмоний машқ ҳам самара бериши мумкин.
Нуфузли “Cochrane” тадқиқот маркази томонидан ўтказилган кенг қамровли тажриба орқали депрессияга чалинган қарийб 5 000 нафар одам иштирок этган 73 клиник тадқиқот ўрганилди. Мақсад жисмоний машқ депрессия аломатини қанчалик камайтиришини аниқлаш эди.

Натижадан маълум бўлдики, машқ қилиш депрессиянинг асосий белгилари — доимий чарчоқ, тушкунлик, уйқусизлик, умидсизлик каби ҳолатларни камайтиришда психотерапия ёки аксил депрессант дорилардан кам самара бермас экан. Тадқиқот муаллифларидан бири, профессор Эндрю Клегг айтишича, жисмоний фаоллик хавфсиз, ҳаммага очиқ ва давомийлигини таъминлаш осон усул сифатида муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга олимлар инсонларни бироз эҳтиёткорликка ҳам чақирган. Одатда тадқиқот муайян гуруҳ билан ўтказилади ва доим ҳам узоқ муддатли таъсирни аниқ баҳолаш имконини беравермайди. Яъни, машқ кўп йиллик самара беришини исботлаш учун янада йирик ва сифатли илмий изланишлар зарур.
Дарвоқе, таҳлил бирор аниқ машқ тури бошқасидан мутлақ устунлигини кўрсатгани йўқ. Енгил ва ўрта даражали машқлар, масалан тез юриш, енгил югуриш, кучга таянган ҳаракат кучлироқ машққа қараганда кўпроқ фойда берган. Жами 13–36 марта шуғулланганларда депрессия аломати сезиларли даражада камайган. Айниқса аэроб машқ (юриш, югуриш, велосипед ҳайдаш) билан куч машқини бирлаштириш яхши фойда берган.

Бу хулоса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумоти ўлароқ алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, бугунги кунда депрессия дунё бўйича ногиронлик ва меҳнатга лаёқатсизликнинг асосий сабабларидан бири бўлиб, 280 миллиондан зиёд одам ушбу касалликдан азият чекмоқда.
Умуман, жисмоний машқ аллақачон кўплаб давлатларда расмий тиббий тавсия турига айланган. Масалан, Европа психиатрлар ассоциацияси ўртача ва кучли жисмоний фаолликни ёқлайди. Хусусан, Буюк Британия соғлиқни сақлаш тизими камида 10 ҳафта мутахассис назоратида гуруҳ машқини маслаҳат беради. Канада машқни енгил ва ўрта даражали депрессияни мустақил даволаш усули сифатида, оғир ҳолатда эса дори ва терапия билан бирга қўллашни тавсия этади.
Хулоса шуки, жисмоний машқ депрессияни тўлиқ даволайдиган “мўъжиза” эмас, балки кўпчилик учун руҳий ҳолатни енгиллаштирадиган, организмга қайта куч бағишлайдиган ва энг муҳими инсон ўзи назорат қила оладиган самарали воситадир. Баъзан депрессияга қарши кураш айнан кичик қадамдан — ҳаракатдан бошланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА