Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати раҳбари Нурбек Ҳалимов яширин иқтисодиёт ҳамда иқтисодий жиноятларга комплекс қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди:
– Президентимиз ташаббуси билан 2024 йилда Департамент органлари фаолияти тубдан ислоҳ этилиб, Давлат молиявий назорат инспекцияси Департамент органлари тизимига ўтказилиб, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш бўйича назорат тизими ўрнатилди.
Жорий этилган янги механизмлар ҳамда ислоҳотлар натижасида муайян натижалар қайд этилди. Хусусан, яширин иқтисодиётга қарши курашишда уни келтириб чиқараётган омил ва сабабларини бартараф этиш йўналишларидан бири сифатида фаолият ташкил этилиб, 12 минг 254 тадбиркорлик субъектига ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилди. Давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатаётган 60 мингдан зиёд тадбиркор фаолиятига қонуний тус берилди.
Бундан ташқари, тадбиркорларнинг қонуний фаолият юритишига тўсқинлик қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг бузилиши билан боғлиқ 190 жиноятга барҳам берилди.
Солиқ ҳуқуқбузарлиги тўғрисида тадбиркорларни хабардор қилиш ҳамда профилактика чоралари орқали жиноят ишлари қўзғатмасдан 15,3 миллиард сўм солиқларнинг ихтиёрий равишда давлат бюджетига тўланиши таъминланди.
Бироқ профилактика ҳамда қонунчиликка мувофиқ тақдим этилган имкониятлардан фойдаланмаган ҳамда солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлашни давом эттириш билан боғлиқ 1 минг 625 ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, 800 миллиард сўмдан ортиқ солиқлар бюджетга ундирилди.
Яширин иқтисодиётдаги ҳисобга олинмаган 20,6 мингта ҳолат расмий иқтисодиётда акс эттирилиши таъминланиб, шаклланган қўшимча манбалар бюджетга ундирилди.
Шунингдек, яширин иқтисодиёт шаклланишининг турли схемалари ва каналларини фош этиш, сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва муомалага киритиш билан боғлиқ қарийб 2 000 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, истеъмолга яроқсиз 141 миллиард сўмлик маҳсулотлар муомалага киритилишининг олди олинди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-назорат тадбирлари давомида 1 минг 392 та алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ноқонуний муомаласининг олди олиниб, қарийб 65 миллиард сўмлик спирт, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосига чек қўйилди.
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш борасида кўрилган чоралар натижасида тамакининг ноқонуний айланмаси 22 фоиздан 9 фоизга, алкоголнинг яширин айланмаси 35 фоиздан 18 фоизга қисқарди. Натижада биргина тамакининг акциз солиғи тушуми 31 фоизга ошди.
Фармацевтика соҳасидаги яширин айланмалар, сифатсиз ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаш, сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ 387 жиноят аниқланиб, 38,5 миллиард сўмлик препарат ҳамда тиббий буюмлар олиб қўйилди.
Департамент ҳамда Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишига риоя қилишни таъминлаш бўйича кўрилган чоралар натижасида 2,8 триллион сўмлик харажатлар мақбуллаштирилди, 3,1 триллион сўмлик маблағлар нотўғри сарфланишининг олди олинди.
Энергия ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш борасида ўтказилган тезкор-қидирув ва таҳлилий ишлар натижасида 1,2 мингдан ортиқ ҳолатда жами 600 миллиард сўмдан зиёд табиий газ ва электр энергиясининг талон-торож қилиниши фош этилиб, ҳуқуқбузарлик фаолиятига чек қўйилди.
Департамент органлари томонидан аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимлик ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда фермер, деҳқон ва ишлаб чиқарувчиларнинг деҳқон бозорларида биринчи қўл тамойили асосида савдони амалга оширишига шароит яратилиб, барча деҳқон бозорларида жами 3 минг 59 арзонлаштирилган савдо расталари доимий фаолият юритиши ташкиллаштирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА