English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Департамент: ноқонуний ҳолатлар фош этилмоқда
17:15 / 2023-05-19

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари ходимлари ноқонуний ҳолатларни аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган тадбирларни амалга оширмоқда.

Департаментнинг Сергели туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Z.F.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихона сотувчиси Ш.Р. фуқаро Д.А.га 4 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 200 минг сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Унинг ёнидан ўтказиш мақсадида олиб келинган жами 89 дона оқ ва қизил капсуладаги дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.      

“H.F.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли дорихона сотувчиси Х.А. ҳам 4 дона “Зардекс” номли дори воситасини 200 минг сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг ёнидан жами 22 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олинди.    

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.    

Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Самарқанд филиали бўлим бошлиғи К.З. фуқаро Р.Р.нинг фарзандининг ўқишини қўшни давлатдан Ўзбекистон-Финляндия институтига кўчириб бериш эвазига 1,6 минг АҚШ долларини қўлга киритгани аниқланди. Ушбу пуллар ҳисобидан 500 АҚШ доллари қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилди.  

Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Р.Б. фуқаро М.З.ни танишлари ёрдамида минг АҚШ доллари эвазига Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Қарши филиалига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.    

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.    

Департаментнинг Кўкдала тумани бўлими томонидан истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари фош этилди.    

Вилоят ИИБ, ЙҲХБ ҳамда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Қарши-Самарқанд” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган фуқаро И.Х.нинг “Cobalt” русумли автотранспорт воситаси салони ва  юкхонасида 929 кг келиб чиқиши номаълум бўлган ҳайвон гўшти борлиги аниқланди.      

Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетилаётган ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинди.    

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

Н.Абдураимова, ЎзА