French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деновлик талабалар китобхонликни тарғиб этмоқда
10:30 / 2025-11-07

Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институти талабалари ажойиб ташаббусни илгари сурди. “Бир талаба – бир китоб” шиори билан “Менинг кутубхонамга ҳиссам” номли лойиҳани бошлади.

Олий таълим муассасасининг “Бизнесни бошқариш” йўналишида таълим олаётган бир гуруҳ йигит-қиз лойиҳа доирасида биринчилардан бўлиб, институтнинг ахборот-ресурс маркази фондига 27 номдаги 50 га яқин ўқув қўлланма ва бадиий адабиётларни топширди.

Институт ректори Ойбек Рўзиевдан олинган маълумотларга кўра, эндиликда бу ташаббус кенг қулоч ёзиб, талабалар олий таълим муассасасининг зиё масканига ўз хоҳишлари билан бадиий, тарихий ва бошқа мавзудаги китоблар ҳамда ўқув қўлланмаларини топширмоқда. Шунингдек, улар бошқа тенгдошларини ҳам хайрли лойиҳада фаол қатнашишга ундамоқда. 

– Мазкур лойиҳа ахборот-ресурс марказимиз фондини янги ва турли асарлар, ўқув қўлланмалари билан бойитиш баробарида ёшларнинг китобга меҳрини янада оширишга хизмат қилмоқда, – дейди О.Рўзиев. – Уларнинг китоб билан яқин дўст тутинишига интилишини мустаҳкамлаб, талаба-ёшларнинг илм-фанга қизиқиши, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятига чуқур эхтиромини намойиш этмоқда. 

Нилуфар Бозорова, ЎзА