Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида сурхондарёлик кекса авлод вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Айни пайтда вилоятда 90 дан ортиқ юз ёшдан ошган отахон ва онахон тинч, тўкин ҳаёт кечираётир. Ўзларининг қимматли маслаҳатлари билан ёшларни Ватанимизга садоқат, юртга муҳаббат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаётган пиру бадавлат отахон-онахонлар осуда ҳамда обод ҳаёт учун овоз бермоқда.


Денов туманидаги Боғи Эрам маҳалласида яшовчи 105 ёшли онахон Бибиражаб Муродова 695-сайлов участкасида сайловчилар рўйхатига олинган. Онахон бугун 70 ёшли ўғли Бахтиёр Муродов билан бирга ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этди. Юртимизга тинчлик, хонадонларга файзу барака, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга бардавомлик тилаб, дуога қўл очди.
Тумандаги 695-сайлов участкасида мингга яқин сайловчи овоз беради. Ҳозиргача уларнинг 600 дан ортиғи муносиб номзодларни ёқлаб, овоз берди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири