Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деновда Алишер Навоий ҳайкали очилди
14:38 / 2026-02-09

Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ҳудудида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан буюк шоир ва мутафаккир шарафига ўрнатилган муаззам ҳайкалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, шоир ва адиблар, талаба-ёшлар иштирок этган маросимда Денов тумани ҳокими Анвар Нормаматов, Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори Ойбек Рўзиев ва бошқалар улуғ бобокалонимиз ҳаёти ва ижоди хусусида атрофлича сўз юритди. Мамлакатимиз шаҳарлари ва сайёрамизнинг кўплаб давлатларида Навоий ҳайкали қад ростлаб тургани, бой мероси дунё олимларида ҳамон катта қизиқиш уйғотаётгани ва ўқиб, ўрганилаётгани буюк аждодимизга кўрсатилаётган чексиз эҳтиром намунаси эканини таъкидлади. Ҳозирги глобаллашув даврда ҳам Навоий меросининг ёшлар тарбиясидаги беқиёс аҳамияти ҳақида фикр алмашди.

Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, институт жамоаси ва бошқа иштирокчилар муаззам ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйиб, Мир Алишер Навоий ҳазратларига ҳурмат бажо келтирди.

Сўз мулкининг султони, тенгсиз мутафаккир ва адолатпарвар давлат арбобини улуғлаган олий таълим муассасасида Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар давра суҳбатлари, талабалар тайёрлаган саҳна кўринишлари ва ғазалхонлик кечалари билан давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири