Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Сурхондарё вилоятининг Денов ҳамда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманларида республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилиш йўналишида назорат-таҳлил ўрганиши ўтказилди.
Тадбирда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш, соҳага янги бошқарув тамойилларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Масъулларнинг “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижроси бўйича ахборотлари эшитилди.
Маълумотларга кўра, халқаро тажрибага асосланган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги моделини жорий этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида махсус штаб ташкил этилган бўлиб, “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси ва турк экспертларидан иборат ишчи гуруҳлар фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 майдаги фармонига мувофиқ, 15 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси негизида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилган. Уларга 490 та оилавий поликлиника, оилавий шифокор пунктлари ҳамда маҳалла тиббиёт пунктлари бириктирилган ҳолда 350 та юридик мақомга эга оилавий поликлиникалар ва уларнинг филиаллари шакллантирилган.
Мазкур поликлиникалар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома асосида фаолият юритиб, аҳоли жон бошига кўра молиялаштирилмоқда. Бу эса тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш ҳамда ресурсларни мақсадли йўналтиришга хизмат қилмоқда.
Депутатлар аҳолининг ёши, жинси ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб ўтказиладиган профилактик кўриклар ва скрининг дастурлар ижроси билан ҳам қизиқди. Шунингдек, соҳага оид амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, тиббиёт тизимини замон талабларига мос равишда ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсияларни илгари сурди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА