French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Денов ҳокими нега вазифасидан олинди?
11:28 / 2025-11-22

Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Сурхондарё вилоятидаги Денов тумани ҳокими И.Аброров, биринчи ўринбосари Ш.Tўрақулов йўл қўйган камчиликлари учун вазифасидан озод этилди.

Эришилаётган ютуқлар, яратилаётган тажрибалар қайд этилиб, ҳудудлардаги мавжуд камчиликлар кўрсатилган йиғилишда Сурхондарё вилоятидаги Узун ва Денов туманларидаги ҳолат таҳлил қилинди. Узун тумани намунавий ҳудудлардан бири сифатида қайд этилиб, 51 та маҳалла мавжуд туманга жорий йил камбағалликни қисқартириш ва бандлик дастурлари доирасида 160 миллиард сўм маблағ берилгани таъкидланди. Йилнинг ўтган даврида туманга 70 миллион доллар хорижий инвестиция олиб келиниб, 47 та корхона ишга туширилгани, 300 та сервис объектида минг киши иш билан таъминлангани, 9 та маҳалла узумчиликка ихтисослаштирилиб, тадбиркор билан аҳоли ўртасида кооперация йўлга қўйилгани, икки мингдан зиёд микро лойиҳада 4 минг 200 нафар одам даромадли бўлгани, бу ишлар ҳисобига туманда йил бошидан камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайтирилгани айтилди.

Узун туманига нисбатан 4,5 баробар кўп маблағ олган Денов тумани ҳокимлиги ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун камбағал оилалар реестрига кирганидан буён 1 минг 200 оила даромадида ўзгариш бўлмагани танқид қилинди. 

Узун туманида 165 мингдан ортиқ, Денов туманидаги 98 маҳаллада 500 мингга яқин аҳоли яшайди. Вилоятдаги энг йирик туман –Деновда ҳудудлардаги мавжуд муаммоларнинг ечимини топиш, одамлар ўртага ташлаётган муҳим масалаларни ҳал этиш, дастурлар доирасида ажратилаётган маблағлардан оқилона фойдаланиб, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, мамлакатимизда жорий этилаётган илғор тажрибаларни оммалаштириш, давлат дастурларининг ижросини таъминлаш каби масалалар биринчи раҳбардан ташаббускорлик, қатьиятлик ва жиддий масъулият талаб этади. Ваҳоланки, юртимизда камбағалликни қисқартириб, одамларнинг фаровон яшашини таъминлаш умуммиллий ҳаракатга айланган пайтда бу ишга эътиборсизлик билан қараш, аҳоли, айниқса, камбағал оилалар бандлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўйиш тумандаги ислоҳотлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганини кўрсатади. Ҳоким ва биринчи ўринбосар “арава”ни тўғри тортолмаганидан дарак беради.

Мавриди келганда жанубдаги воҳада камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар таҳлил қилинса, жойларда бу йўналишда сезиларли ўзгариш ва янгиланишлар юз бераётгани ойдинлашади. Масалан, жорий йилнинг тўққиз ойида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижроси доирасида вилоятда 23 минг 300 оила камбағалликдан чиқарилди. Ёки воҳанинг камбағаллик даражаси йил бошидаги 9,3 фоиздан 5,5 фоизга қисқарди. Бошқа туманларга нисбатан каттароқ имкониятга эга Деновда камбағаллик реестрига кирган айрим оилалар даромадида нега ўзгариш сезилмади, турмуш даражаси ўнгланмади? Мабода сиз Деновга нисбатан аҳолиси кам туманларда камбағалликни камайтириш енгилроқ кечмоқда, деган гумонда бўлсангиз, адашасиз. Бу иш ҳеч бир туман ёки маҳаллада осонликча ечим топаётгани йўқ. Ташкилотчилик ва ташаббус билан маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, банк ходимлари ва ҳудудга бириктирилган бошқа мутасаддилар ”драйвер” йўналишларни аниқлаб, ишни тўғри ташкил этаётгани учун вилоятда камбағал оилалар камаймоқда. Жойларда жорий этилаётган Сайхунобод, Зарбдор, Ғиждувон, Уйчи, Қамаши тажрибалари самара бермоқда. Жумладан, бошқа туманларда “Сайхунобод тажрибаси” асосида томорқаларда сердаромад озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришга ёрдам кўрсатилиб, паррандачилик, асаларичилик йўлга қўйилмоқда. Чорва моллари боқиш истагини билдираётган камбағал оилалар қўллаб-қувватланаяпти. Индивидуал режалар асосида хизматлар кўрсатилаётир. Содда қилиб айтганда, камбағал оилаларнинг даромад манбаи яратиб берилмоқда. Маҳаллаларда кичик саноат, сервис ва хизматлар кўрсатиш ривожлантирилмоқда.

Деновда-чи? Бу ишлар оилаларнинг камбағаллик даражасини камайтириш учун эмас, шунчаки номигагина амалга оширилгандек, туман ҳокими ва бу йўналишга масъул биринчи ўринбосарининг жиддий сўрови бўлмагандек туюлади. Йўқса, Деновдек ери унумдор, иқтисодий салоҳияти юқори туманда 1 минг 200 оиланинг ҳам даромадида ўзгариш сезилиши, ҳаёт даражаси ўсиши лозим эди. 

Шу ўринда Деновга нисбатан иқтисодий имкониятлари паст Узун туманидаги шу ишларга назар солсак, бу ҳудудда камбағал оилаларнинг турмуш даражасини ўзгартириш учун бор имкониятлардан оқилона фойдаланилаётгани, сервис ва хизмат кўрсатиш, ердан унумли фойдаланиш камбағал оилалар бюджетига даромад келтираётгани, маҳалла ва қишлоқлар обод бўлаётгани кўзга ташланади. Туманда Янгирўзғор, деган маҳалла бор. Аҳолиси фақат мўъжазгина томорқасида эмас, балки маҳалла кўчаларида ҳам войиш усулида узум етиштириб, яхши даромад топади. Ҳар қарич ердан самарали фойдаланиб, кўчаларни ҳам даромад манбаига айлантирган ҳудуд тажрибаси бу йил тумандаги танлаб олинган тўққизта маҳаллада жорий этилди. Бу жараёнда 27 та камбағал оила хонадонида субсидия асосида, 262 та хонадонда кредит, 85 тасининг ўз маблағи ҳисобидан уларнинг кўча ва томорқасида войиш усулида серҳосил, бозорда харидоргир узум парваришлаш йўлга қўйилди. Бунинг учун тўққизта маҳалланинг танлаб олинган кўчаларида 4 километрдан ортиқ узум войиши барпо этилиб, маҳаллаларда ҳар бир оиланинг йилига 18-20 миллион сўм қўшимча даромад олишига етарли шароит пайдо бўлди. Шунингдек, узум войишлари кўчалар қиёфасини ўзгартириб, маҳаллаларга янгича кўрк бағишлади.

Деновда ҳам боғдорчилик, узумчилик яхши ривожланган. Узуми болдек ширин бўлади. Войиш усулида ҳосил етиштириб, мўл даромад олаётган фермерлар бор. Ҳеч қурса, узум парваришлашнинг ҳадисини олган маҳаллаларда кўчалар танлаб олиниб, шу тажриба қўлланилса ҳам камбағал оилаларнинг қўшимча даромад топишига қулай имконият яратилган бўлмасмиди? 

Ҳа, айтганча, жорий йилда туман маҳаллаларини камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришдек катта мўлжал олинган, режалар тузилган эди. Афсуски, ишлар сарҳисоби бу режанинг одамлари танти, бир сўзли, уддабурон деновликларга хос бўлмаган баландпарвоз гап эканини кўрсатди...

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА