Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Демократик жараёнлар ортга қайтмайди
12:44 / 2020-07-24

2016 йилнинг сентябрь ойидан Ўзбекистонда бошланган янги йўналишдаги либерал ислоҳотлар нафақат халқимизни, балки халқаро жамоатчиликни ҳам ҳайратда қолдирди.


2016 йилнинг сентябрь ойидан Ўзбекистонда бошланган янги йўналишдаги либерал ислоҳотлар нафақат халқимизни, балки халқаро жамоатчиликни ҳам ҳайратда қолдирди.

Боиси, Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришганидан сўнг кечаги кунда ҳам умуман имконсиздек туюлган янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширила бошланди. Давлат раҳбари ўз позицияси ва сиёсий иродасини бутун дунёга қатъий намоён этиб, Ўзбекистонни фаол ривожлантириш ва модернизация қилишга қаратилган янги босқичдаги ислоҳотларни ҳаётга жорий этишга дадил киришди.

Ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда умидбахш муждалар кўзга ташланиб, узоқ йиллар «ёпиқ» ҳисобланиб келинган мамлакатда аҳолининг йиллар давомида тўпланиб қолган ижтимоий муаммолари жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида аста-секин ечим топа бошлади.

«Бош мақсадимиз – халқимизнинг розилиги», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир», «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак» каби ҳаётий ғояларга асосланган ўзгаришлар, энг аввало, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлиқ таъминлашга қаратилган қонунчилик асосларини такомиллаштиришдан бошланди.

Бу ўринда, биринчи галда, Президент ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йил 7 февралда қабул қилинган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси халқ хоҳиш-иродаси, эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда яқин истиқболга мўлжалланган тараққиётни белгиловчи бош дастуриламал ҳужжат бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мазкур тарихий ҳужжатда, устувор эътибор «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» концепцияси қоидаларини ўзида тўлиқ мужассамлаштирган ҳолда давлат ва жамият қурилишини тубдан ислоҳ қилишга қаратилди ҳамда давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотлар Парламент фаолиятини чуқур ислоҳ қилишдан бошланди.

Бунда, биринчи навбатда, миллий Парламент ва сиёсий партияларнинг роли янада кучайтирилди. Энг муҳим ўзгаришлардан бири, бу шубҳасиз, Парламентнинг, шунингдек, депутат ва сенаторларнинг фақат киритилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш билан чекланиб қолмай, балки бевосита жойларга чиқиб, халқнинг турмуш даражасидан хабардор бўлиш, одамларни қийнаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда бевосита иштирок этишлари бўлди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг натижадорлигини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Сенати ва ҳудудий Кенгашлар ҳузурида махсус комиссиялар ташкил этилди. Комиссиялар аъзолари ҳар ойда жойларга чиқиб, мавжуд муаммоларни ўрганиб боришмоқда ва уларни бартараф этиш юзасидан қатор амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шу билан бирга, Парламентнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва ролини кучайтириш бўйича яна бир қатор ислоҳотлар ҳаётга жорий этилди, жумладан, ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат олиб бориш бўйича ваколатлар кенгайтирилди.

Шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчил такомиллаштирилиб, модернизация қилиб борилмоқда. Бу аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини оширмоқда. Хусусан, рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилиши, ўз навбатида, “Doing Business” глобал рейтингидаги «Бизнесни рўйхатдан ўтказиш» кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеи йил сайин кўтарилишига хизмат қилмоқда.

Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантирадиган сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидаги айрим тизимли муаммоларнинг бартараф этилиши эса, «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» деган муҳим тамойилни амалда жорий этиш имконини берди. Бу амалга оширилаётган ислоҳотларнинг уйғунлиги ва изчиллигини таъминлаш баробарида, давлат хизматларини сифатли бажариш учун ваколатли органлар ва ташкилотларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишда ҳам муҳим омил бўлди.

Янги босқичдаги устувор ислоҳотлардан бири, бу, шубҳасиз, инсон манфаатларини таъминлаш, одамлар билан мулоқот қилиш, халқнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш ва ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари фаолиятининг йўлга қўйилганидир. Эътироф этиш жоиз, мазкур тузилмалар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг самарадорлиги, шунингдек, жойлардаги муаммоларни чуқур таҳлил этиш механизми ва давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг жамият олдидаги масъулиятини ошириш, уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонига айланиб бормоқда. Республиканинг барча ҳудудларидаги Халқ қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқотни, жойларда юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал этиш, камчиликларни бартараф қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминламоқда. Президентнинг Халқ қабулхоналари муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишнинг фаол тизимига ўтди. Халқ қабулхоналарига давлат органларининг фаолиятини ўрганиш, уларга тақдимномалар киритиш, қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсларни лавозимидан озод этишгача интизомий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш ваколати берилди. Аҳоли муаммоларини ҳал этиш бўйича «Маҳалла – Сектор – Халқ қабулхонаси – Маҳалла» тизими жорий этилди.

Шу билан бирга, «Меҳр-1» ва «Меҳр-2» инсонпарварлик тадбирлари доирасида Яқин Шарқдаги қуролли можаролар майдонидан ва Афғонистондан 261 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар юртимизга қайтариб олиб келиниб, уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари тиклангани, бу одамларга давлат томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилаётгани, «Жаслиқ» қўрғонидаги жазони ижро этиш колониясининг ёпилгани, озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаш тартиби биринчи марта жорий этилгани, 5 минг 868 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилингани ҳам бағрикенг инсонпарвар сиёсатнинг ҳаётий ифодасидир.

Умуман, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳити изчил ривожланмоқда. Бугунги кунда давлатимиз ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон ташқи сиёсат соҳасида ҳам ўзаро тенг манфаатларга асосланган самарали фаолият олиб бормоқда. Узоқ ва яқиндаги барча давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари йил сайин кенгайиб, ривожланиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Энг аввало, Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик муносабатлари ўрнатилгани, бу борада бир неча йиллик «музлар эригани» боис, минг-минглаб оддий одамларнинг чегаралардан бемалол ўтиб-қайтаётгани, минтақа бўйлаб эркин ҳаракатланиши, қариндош-уруғлар билан борди-келди қилиш имкониятининг яратилгани диққатга сазовордир. Ўз ўрнида, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, чегара пунктларидан ўтиш ва чегара олди ҳудудларда савдони ривожлантириш каби муаммоларга ечим топиш бўйича ҳам Ўзбекистон ташаббуси билан янги, конструктив сиёсий муҳит ва қулай шароитлардаги сиёсат изчил давом эттирилмоқда.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл очилди, инвестициявий муҳит янгиланиб, инвестиция киритиш кафолатлари кучайтирилди. Жалб этилаётган инвестициялар, биринчи навбатда, иқтисодиётни модернизациялаш, таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва товарларни диверсификациялашга йўналтирилгани натижасида уларнинг технологик таркиби ҳам ўзгариб, самарадорлиги ортмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда хусусий мулкни, тадбиркорлик ва кичик бизнесни равнақ топтириш учун кенг имкониятлар яратилиб, улар ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонуний механизмлари мустаҳкамланди. Натижада бугун мамлакат ялпи ички махсулотининг қарийб 57 фоизи кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига тўғри келаётган бўлса, ишга яроқли ахолининг 82 фоизи ушбу субъектларда хизмат қилмоқда.

Умуман, касбий фаолиятимиз юзасидан олиб борилаётган фаолият жараёнларида дунёнинг бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлари ҳамда таниқли халқаро эксперт-мутахассислари томонидан мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар эътироф этилаётгани, қўллаб-қувватланаётгани кузатилмоқда. Бу эса, Ўзбекистонда давлат, жамият ва фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тамойиллари ва қадриятларига эътиборини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган самарали тадбирлар амалга оширилаётганидан далолатдир.

Шу маънода, 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Ўзбекистон илгари сурган ташаббус бўйича қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюциясини БМТга аъзо барча давлатлар якдиллик билан маъқуллагани ислоҳотларимизни халқаро ҳамжамият тан олаётганига яққол бир мисолдир. Ёки «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясининг қабул қилиниши ҳам Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг халқаро майдондаги эътирофидир.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда қабул қилинаётган дастурлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатни янада ривожлантиришга, миллий ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлашга, халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган принциплари, норма ва қоидаларини миллий қонунчиликка изчил сингдиришга, чуқур ўйланган ва узоқни кўзлаган сиёсатнинг асоси сифатида давлатни янада изчил тараққий эттиришга хизмат қилмоқда. Албатта, бу борада эришилган ютуқлар билан бир қаторда, мавжуд муаммо ва камчиликлар, ечимини кутаётган масалалар ҳам кўп. Улар ҳам, бугунги янгиланишлар силсиласида навбати ва вақти-соати билан ҳал этиб борилади, албатта ва шундай бўлмоқда ҳам.

Зеро, Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олганини бутун дунё кўриб турибди.

Элдор ТУЛЯКОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори