“Сайлов – 2024”
Демократиянинг муҳим шарти бу - халқнинг қарорлар қабул қилиш жараёнидан хабардорлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб бориши ҳамда фуқароларнинг давлат ва жамиятни бошқариш ишларида фаол иштирок этишидир.
Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, сайловлар ўтказиш билан боғлиқ қонунларнинг эркин ва адолатли экани, ўз навбатида, бу қонун ҳужжатларининг ҳаётга тўғри жорий этилгани ҳокимиятнинг демократик бошқаруви муваффақиятининг асосий омили ҳисобланади. Зотан, ҳокимият органларига ўтказиладиган сайловларга оид қонун ҳужжатларининг адолатли бўлишини таъминлаш ва тўғри татбиқ этиш шунчаки зарурат эмас, балки демократиянинг талабидир.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шу йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар мустақил мамлакатимизни дунёнинг тараққий топган давлатлари қаторидан ўрин олишга интилаётган, жаҳон ҳамжамиятига иқтисодий, сиёсий, ижтимоий жиҳатдан интеграциялашуви тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтаётгани билан катта аҳамиятга эга. Ушбу сайловлар жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган миллий сайлов қонунчилигимиз асосида ташкил этилмоқда.
Албатта, сайлов кампаниясини ўтказиш мамлакат тараққиётида муҳим сиёсий жараён бўлиб, уни ҳар жиҳатдан адолатли ўтказиш ва фуқароларнинг сайловлардаги фаол иштирокини таъминлаш нафақат адолатли қонунлар, балки сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситаларига катта масъулият юклайди.
Маълумки, Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўзлаган “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида “Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади” деб алоҳида таъкидлаган эди.
Шу маънода айтганда, бугун сиёсий партиялар ўз электоратига эга бўлган, давлат ва жамият қурилишининг асосий масалалари, мамлакатда юритилаётган ички ва ташқи сиёсат бўйича аниқ-равшан позицияси билан, сайловда мазкур партия учун овоз берадиган одамлар манфаатларини қатъий ҳимоя қилишга қодирлиги билан сайловчилар ўртасида обрў қозонган бўлиши керак. Энг муҳими, бунинг учун барча ташкилий ва ҳуқуқий асослар шакллантирилган.
Хусусан, мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос келадиган сиёсий партиялар фаолияти, уларнинг сайловларда қатнашишининг ҳуқуқий базаси яратилди.
Сайлов жараёни янада либераллаштириб борилди. Жумладан, сайловда иштирок этадиган сиёсий партияларнинг рўйхатдан ўтиши учун ўрнатилган муддат 6 ойдан 4 ойга туширилди. Айни вақтда сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши учун рухсат бериш масаласини ҳал қилиш борасида зарур бўладиган сайловчилар имзосининг миқдори аввалги 50 минг имзо ўрнига 40 минг қилиб белгиланди.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сони 5 нафардан 10 нафаргача кўпайтирилди. Шулар қаторида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сиёсий партиянинг “ваколатли вакили” деган янги институт киритилди, унга имзо варақаларининг тўғри тўлдирилишини текшириш, сайлов участкаларида овозларни санаб чиқиш жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Айни чоғда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичларида, шунингдек, сайлов кунида овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи қатнашади.
Ўтган йил бўлиб ўтган конституциявий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида ёки Бош вазир лавозимидан озод этилганидан кейин ёхуд Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиққанидан кейин бир ой ичида Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади.
Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.
Бу билан парламент қуйи палатасидаги сиёсий партияларнинг ижро ҳокимиятини шакллантиришдаги роли янада оширилди.
Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партиялар гуруҳларининг ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ўрни ва ваколати мунтазам равишда кенгайтирилмоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси, ўз навбатида, сиёсий партияларнинг аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини ошириш, фуқароларнинг жамият ва давлатни бошқариш ишларида иштирокини кенгайтириш, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилиш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятининг янада равнақ топишида ҳал қилувчи омилга айланмоқда.
Буни хорижлик экспертлар ҳам алоҳида эътироф этаётгани диққатга сазовор. Хусусан, пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган қатор халқаро давра суҳбатларида қатнашган экспертлар юртимизда умумэътироф этилган тамойилларга жавоб берадиган сайлов қонунчилиги яратилгани, сиёсий партияларнинг сайловларда иштирок этиши бўйича демократик стандартларга тўлиқ жавоб беришини таъкидлашмоқда.
Бугун сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари қонунларни қабул қилишда ўз электорати манфаатларини акс этиришга интилмоқда, сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни дадил рўёбга чиқармоқда. Айни пайтда сиёсий партиялар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, қонунлар, давлат дастурлари ижросини депутатлик назоратига олиш, бу борада мансабдор шахсларнинг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш бўйича фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатишяпти. Шак-шубҳасиз, бўлажак парламент сайловлари мамлакатимизда сиёсий партиялар учун ўзига хос синов, шу билан бирга, ўтган даврда ўз электорати билан олиб борган ишларнинг натижаси ҳам бўлади.
Шу боисдан ҳам республикамиз сиёсий партиялари яқин кунларда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминловчи асосий куч сифатида майдонга чиқишга интилмоқда. Чунки партиялар ўз вакилларини ҳокимият органларига сайлашдан манфаатдор сиёсий куч сифатида сайловларда фаол қатнашиши билан бирга, сайлов қонунчилиги нормаларининг тўла-тўкис рўёбга чиқарилишида фаоллик кўрсатиши керак. Қолаверса, сиёсий партиялар ўз дастурий мақсадлари атрофида жамиятнинг турли қатлами вакилларини тўплаши, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, жамият ҳаётининг барча жабҳалари учун зарур бўлган қонунларни қабул қилишда ҳамда ижро органини шакллантиришда сайловолди платформасидан келиб чиқиб иш тутади.
Президентимиз қайд этганидек, демократик сайлов жараёнида одамларни ижтимоий-сиёсий фаолликка даъват этиш, уларни Янги Ўзбекистон сари эргаштириш, мустақиллик ғояларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни уларнинг онгига сингдириш ҳар бир сиёсий партия ва депутатликка номзодларнинг олий мақсади бўлиши зарур.
Абдуманноб РАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий судининг судьяси
ЎзА