Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Демократик принциплар асосида сайлов қонунчилиги такомиллашиб бормоқда
15:56 / 2024-07-30

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида сайлов қонунчилиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласини илгари сурган эди.

Шундан кейин...  

2019 йил 25 июнда, сайлов қонунчилигини тизимлаштириш нуқтаи назаридан, амалда бўлган «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида», «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги қонунлар умумлаштирилиб, ягона Сайлов кодекси қабул қилинди. 2019 йилдаги сайловлардан бошлаб, барча сайлов жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси билан тартибга солинмоқда.  

Ўзбекистон Сайлов кодекси халқаро сайлов стандартларига тўлиқ жавоб беради ва улар билан уйғун ривожлантирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиздаги демократик сайлов қонунчилиги тизимининг асоси ҳисобланади. Конституциянинг 7-моддасига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Сайлов жараёнининг демократик принциплари Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамланган.  

2019 йил январь ойида кўппартиявийлик тизимини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Экологик ҳаракати Ўзбекистон Экологик сиёсий партиясига айлантирилди.  

2019 йилдан бошлаб, Сайлов кодекси билан бир қатор муҳим янгиликлар жорий этилди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларга сайловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилди ва ҳудудий сайлов округлар сони кўпайтирилди. Бу ўзгаришлар умумий сайлов ҳуқуқи принципини янада кенгроқ таъминлаш ва халқаро стандартлар талаблари имплементациясини кўрсатади.  

2019 йил 4-центябрда қабул қилинган Қонун билан Конституциянинг 96 ва 117-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этгани учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок эта олмайди. Аввалги таҳрирда эса ҳар қандай суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахс сайловда иштирок эта олмас эди.  

Мисол тариқасида, 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган 4308 нафар фуқаро илк бора сайловларда ўз овозларини берди.  

2023 йил 30 апрелда умумхалқ овози (референдум) йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциянинг 128-моддасига кўра, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.  

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, энди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Қуйи палата депутатларининг 50 фоизи, яъни 75 нафари можаритар сайлов тизими бўйича бир мандатли сайлов округларидан, қолган 50 фоизи, яъни 75 нафари пропорционал сайлов тизими бўйича ягона сайлов округида партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати бўйича сайланади.  

Аёлларнинг давлат бошқарувидаги сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида, Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлар билан аёлларнинг сони бир мандатли сайлов округлари ва партия рўйхати бўйича камида қирқ фоизни ташкил этиши кераклиги белгиланди. Партия рўйхатидаги ҳар беш номзоддан икки нафари аёл бўлиши лозим.  

Шерзод Зулфиқоров,  

Ўзбекистон Республикаси  

Жамоат хавфсизлиги университети профессори

ЎзА