Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Демократик ҳуқуқий давлатда нечта ҳокимият бўлиши керак?
11:58 / 2024-03-25

Давлатчиликнинг ҳар қайси босқичида суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг бир бўлаги сифатида мавжуд бўлган. Барча идеал кўринишдаги давлатда суд ҳокимияти қонунни ҳимоя қилган.

Қадимги юнон файласуфи Афлотун: «Судлар етарли даражада тузилмаган ҳар қандай давлат ўзининг давлатчилигини йўқотади», деб бежизга айтмаган.  

«Темур тузуклари»га кўра Амир Темур давлатда адолат ўрнатиш тарафдори бўлган. Шу боис ҳар бир шаҳар ва вилоятда қози-судьялар ва муфтийлар аризачиларни қабул қилиб, суд ва судлов ишларини олиб борган.  

Демократик ҳуқуқий давлат тизимида нечта ҳокимият бўлиши кераклиги бўйича ҳеч қайси таълимотда аниқ бир жавоб йўқ. Кўпчилик шундай ҳокимиятлар учта: қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти бўлиши керак, деган фикрни қўллаб-қувватлайди.  

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг давлатчилик пойдеворини барпо этиш, демократик ҳуқуқий давлат қуриш йўлида 1992 йилда ўзининг Конституциясини қабул қилди.  

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳокимиятлар бўлинишининг юқорида тилга олинган учта тармоғи ҳамда уларнинг бўлиниши акс этган.  

Суд ҳокимияти – ҳокимиятлар бўлиниши қоидасига кўра, давлат ҳокимиятининг алоҳида ва мустақил (қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар билан бир қатордаги) тармоғи.  

У ўзида одил судловни амалга ошириш ваколатлари, яъни жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва конституциявий иш (низо)ларни процессуал, қонун билан белгиланган тартибда кўриб чиқиш ваколатлари йиғиндисини, баъзи мамлакатларда, шунингдек, ҳуқуқ нормаларини изоҳлаш ваколатларини, қонун ижодкорлиги ваколатлари ва бошқа ваколатларни амалга оширувчи давлат органлари тизимини мужассамлаштиради.  

Ҳозирги замон демократик давлатларида суд ҳокимиятининг асосий ваколатлари турли тоифадаги судлар зиммасига юкланади.  

Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлиги, қонун устуворлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини муҳофаза этишга қаратилган. Мамлакатимизда суд ҳокимиятининг конституциявий ҳуқуқий мақоми, тузилиши ва фаолият юритишининг қонуний асоси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Конституцияда мустаҳкамланишича, «Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади».  

Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.  

 

Муҳаммаджон Ўрмонов  

Фарғона вилоят судининг судьяси.