French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Делегация ташрифи самарали бўлди
12:39 / 2025-05-14

Гулистон давлат университети ва Хитойнинг Янглинг касб-ҳунар ва техника коллежи ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида меморандум имзоланганди. Мазкур меморандумга асосан Гулистон давлат университети делегацияси Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди.

Делегация Янглинг касб-ҳунар ва техника коллежи ректори Зонг Вей Чжоу, халқаро алоқалар бўйича проректор Жианг Пинг Жианг, халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Ян Сюэ Ли ва коллеж профессор-ўқитувчилари билан учрашди. Учрашувда таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорлик ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташрифнинг биринчи қисмида делегация Янглинг коллежига қарашли илмий- тадқиқот марказларига бориб, бу ерда олиб борилаётган илмий ишланмалар ва инновацион тадқиқотлар билан танишди.

– Янглинг касб-ҳунар ва техника коллежидаги учрашув жараёнида Хитой таълим тизимидаги ёндашувлар, айниқса, амалиётга йўналтирилган таълим модели биз учун алоҳида қизиқиш уйғотди, – дейди кимё кафедраси доценти Лола Еттибаева. – Илмий-тадқиқот марказларидаги шароитлар, лабораториялар ва халқаро лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари бизни ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ режалар тузишга ундади.

Куннинг иккинчи ярмида делегация замонавий иссиқхона кластерларини кўрди. Ушбу кластерларда экологик мувозанатни сақлаш ва ўсимликлар касалликларига қарши курашишга қаратилган тадқиқотлар олиб борилмоқда.

– Янглинг илмий-тадқиқот марказлари ва замонавий иссиқхона кластерида амалга оширилаётган ишланмалар экология ва қишлоқ хўжалиги соҳаларининг уйғунлашуви борасида биз учун катта тажриба бўлди, – дейди экология ва география кафедраси ўқитувчиси Дилноза Тоймбаева. – Айниқса, экологик омилларга чидамли ўсимлик навларини яратиш ва уларни табиий усулларда етиштириш йўналишидаги изланишлар бизнинг илмий қизиқишларимиз билан ҳамоҳанг. Ташриф давомида кўплаб фойдали ғоялар ва келгусидаги ҳамкорлик учун илҳом олдик.

Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари, шу жумладан, кимё, озиқ-овқат технологиялари ва экология кафедралари мутахассислари Янглинг коллежи тадқиқотчилари билан замонавий технологиялар ва ўсимликларни табиий усулда етиштириш бўйича фикр алмашдилар. Ташриф давомида янги илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Ташриф якунида таълим, илмий тадқиқот ва экология соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган янги келишувлар имзоланди. Томонлар келгусида илмий тадқиқотларни ўтказиш, педагогик тажрибаларни алмашиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олишди.  

– Кутубхона фондининг бойлиги, таълимга интеграциялашган замонавий технологиялар ва, айниқса, иссиқхона кластерида олиб борилаётган илмий изланишлар мени чуқур ҳайратга солди. Ўсимликлар генетикаси, уларни ҳимоялаш ва экологик чидамлиликка эришиш бўйича Хитой тажрибасини ўрганиш биз учун жуда фойдали бўлди. Бу ташриф келажакдаги илмий ҳамкорликларимиз учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади, – дейди озиқ-овқат технологиялари кафедраси доценти Дилором Тўрабекова.

Гулистон давлат университети ва Янглинг касб-ҳунар ва техника коллежи ўртасидаги илмий ҳамкорлик икки муассаса ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва янги илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратди. Бу ташриф таълим ва тадқиқот соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Ғулом Примов,

ЎзА мухбири