Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими сўнгги йилларда давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бирига айланди. Нафақа тўловларининг ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилиши халқ турмуш даражаси, ижтимоий барқарорлик ва аҳоли ишончи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, 2025 йил декабрь ойи учун нафақа маблағларининг ўз вақтида банкларга йўналтирилиши ижтимоий тизимнинг барқарор ишлаётганини кўрсатади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотига кўра, жорий ойда тўлов рўйхатларига киритилган 715,4 минг нафар нафақа олувчи учун талаб этилган 715,1 миллиард сўм маблағлар тижорат банкларига тўлиқ молиялаштирилди.
Ўз навбатида нафақа тўловларини нақд пулсиз шаклда олувчи 587,7 минг нафар (ёки жами олувчиларнинг 82,2 фоизи) фуқаронинг банк карталарига маблағлар тўлиқ юклаб берилиши таъминланди.
2025 йил декабрь ойи учун нафақа тўловларининг тўлиқ ва ўз вақтида молиялаштирилиши Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимининг барқарор ва самарали ишлаётганидан далолат беради. Рақамлаштирилган тўловларга ўтиш улушининг ошиши, банк инфратузилмасининг кенгайиши ва чекка ҳудудларда ҳам аҳолига хизмат кўрсатишнинг яхшиланиши барчаси ижтимоий сиёсатдаги ислоҳотларнинг амалий натижаси ҳисобланади.
Бугунги кунда давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш. Нафақа тўловларининг ҳеч қандай кечикишсиз тақсимланиши, шаффофликнинг таъминланиши нафақат бугунги кун учун, балки кейинги йиллар учун ҳам ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлайди. Аҳоли учун эса ўз вақтида ва кафолатли нафақа тўловлари давлатга бўлган ишонч, ҳар бир фуқаро турмуш сифати ва ижтимоий ҳимоянинг амалдаги ифодасидир.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА