Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деҳқонободлик оналарнинг орзуси ушалди
17:30 / 2024-02-02

Ургут туманининг Деҳқонобод маҳалласида бугунги кунда 1328 хонадонда 7560 аҳоли истиқомат қилади. Мактабгача таълим ёшидаги болалар 661 нафарни ташкил этади. Маҳалладаги оналар фарзандларининг замон талабларига мос шароитда таълим-тарбия олишини истайди. Уларнинг истаги қисман бўлса-да амалга ошди.

Маҳалладаги 30-давлат мактабагача таълим ташкилоти янгидан бунёд этилиб, унинг қамрови мавжуд 50 ўриндан 120 ўринга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 декабрдаги “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида инвестиция дастури бўйича маҳалладаги 50 ўринли мослаштирилган бинода фаолият юритган 30-давлат мактабгача таълим ташкилоти 4 миллиард 423 миллион сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига қайта бунёд этилиб, замонавий мактабгача таълим ташкилотининг қуввати 120 ўринга етказилди. “BIG STORY BUILDING” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан қисқа фурсатда қуриб фойдаланишга топширилган муассасада болажонлар учун барча қулайлик яратилган.

[gallery-15749]

– Эски биномиз мослаштирилган бўлганлиги, шунингдек сиғимининг камлиги доим муаммоли вазиятларни келтириб чиқарарди, – дейди 30-давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Мавсума Аҳмедова. – Янги биномизда тўртта гуруҳнинг ҳар бирига алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, машғулотлар ва дам олиш учун барча қулайликка эга. Мусиқа зали ва ошхонамиз ҳам замон талабларига тўлиқ жавоб беради. Умуман олганда, бугунги кун талабига мос таълим-тарбия бериш учун зарур имкониятлар яратилди. 

Муассасанинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда туман ҳокими Ботир Жабборов иштирок этиб, юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. 

– Барчамиз фарзанд ва набираларимиз замонавий мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия олишини орзу қиламиз, – дейди маҳаллада яшовчи Нарзитош Тугалова. – Бугун орзуимиз амалга ошиб, маҳалламиздаги эски боғча ўрнида янги муассаса иш бошлади. Биз оналар бундан жуда хурсандмиз. Тўғри, ҳудудимизда замонавий шароитларга эга 1 та нодавлат, 3 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатмоқда. Лекин боғчага борадиган болалар ҳам кўп ва бундай муассасалар қанча кўп бўлса, шунча яхши.
Шунингдек, бугун туманнинг Жўрабтепа маҳалласида 100 ўринли, чегараолди ҳудуд ҳисобланган Чоштепа маҳалласида 60 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳам фойдаланишга топширилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари