Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида “Миллий медиа маконда анъана ва замонавийлик: ютуқлар, муаммолар ва ечимлар” мавзусида ўтказилган минтақавий конференция доирасида пресс-тур бўлиб ўтди.
Президент топшириғига биноан фаолияти йўлга қўйилган “Зарафшон текстиль” тикувчилик корхонасининг 12-филиали 2023 йилда Деҳқонобод туманида амалиётга татбиқ этилган энг йирик лойиҳалардан бири саналади. Мазкур корхонада Туркия технологияси асосида йилига қарийб 1,5 миллион дона эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари тайёрланади. “Зарафшон текстиль”нинг ушбу филиалида айни кунда уч юз нафарга яқин хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Улар учун бепул тушлик ва транспорт хизмати ташкил этилган.

Эътиборли жиҳати, корхона қошида хотин-қизларга тикиш-бичиш сирлари ҳам ўргатилади. “Зарафшон текстиль”га ишга қабул қилишда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган аёлларга устунлик берилади.
Пресс-тур қатнашчилари бўлган Қашқадарё ва сурхондарёлик журналистларнинг кейинги манзили мамлакатимиз ва Марказий Осиёдаги йирик калий ишлаб чиқариш корхонаси – “Деҳқонобод калий заводи” бўлди. Журналистларга завод тарихи ва бугунги кундаги фаолияти бўйича тўлиқ маълумот берилди.

– Заводимизда жорий йилнинг 11 ойи давомида 668,8 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлиб, 23 та давлатга 425 млрд. сўмлик минерал ўғитлар экспорти амалга оширилди, – дейди “Деҳқонобод калий заводи” АЖ Бошқарув раисининг маслаҳатчиси Зебо Салимова. – Экспортнинг энг катта улуши Япония, Эрон, Индонезия, Латвия, Вьетнам, Малайзия, Туркия ҳамда Литва каби давлатларга тўғри келади. Ҳозирги кунда жамиятда 2 минг 5 юз нафарга яқин ишчи фаолият юритмоқда. Шундан 30 ёшгача бўлган ходимлар 335 нафарни ташкил этади. Президентимизнинг тегишли фармони билан “Деҳқонобод калий заводи” АЖда 2008 йилдан буён ишлаб келаётган тоғ-кон мажмуаси ер ости кон тозалаш ва тайёрлаш участкаси машинисти Зокир Тўрақулов “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани юртимиз кимё саноати фидойи ва ёш ходимларига қаратилган юксак эътироф рамзи бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА