Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Деҳқонобод маҳалласида аҳоли ташаббуси билан давлат дастурлари асосида муҳим лойиҳа амалга оширилди. Маҳалла фуқаролар йиғинининг қайта таъмирланган биноси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Аввал бу ерда маҳалла биноси мавжуд бўлган бўлса-да, у замонавий талабларга жавоб бермас, аҳолига муносиб хизмат кўрсатиш имконияти чекланган эди. Бугунги кунда эса 1300 та оилани ўз бағрига олган, 6226 нафар аҳоли истиқомат қиладиган Деҳқонобод маҳалласи замонавий инфратузилмага эга бўлди.

Лойиҳа “Ташаббусли бюджет” доирасида амалга оширилиб, унга 850 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Бино тубдан таъмирланиб, замонавий мебель ва компьютер жиҳозлари билан тўлиқ таъминланди. Бу нафақат маҳалланинг иш фаолиятини самарали ташкил этиш, балки аҳоли мурожаатларини қулай ва тезкор ҳал қилиш имкониятини яратади.

Тантанали очилиш маросимида туман ҳокимлиги, маҳаллалар уюшмаси, Республика ишчи гуруҳи ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар маҳалладаги ижтимоий фаоллик ва аҳоли ташаббусининг аҳамиятига урғу беришди.

– Маҳалламизда камбағал оилалар ҳам учрайди. Аммо аҳолимизнинг кўпчилиги деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан фаол шуғулланади, – дейди “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тойир Қодиров. – Айниқса, анор етиштириш йўналиши маҳалланинг иқтисодий ривожида муҳим ўрин тутади. Маҳалланинг янги биноси аҳолимиз учун ҳақиқий туҳфа бўлди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири