Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Деҳқонларимиз хорижий бозор талабларини тушуна олмаяпти (ми?)
17:31 / 2021-01-14

Жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси 205 миллиард долларни ташкил этган бир вақтда мазкур бозордаги улушимиз бир фоизга ҳам етмайди.

Ушбу маҳсулотларнинг мамлакат экспорти таркибидаги улуши эса атиги 7 фоиз.

Бунинг сабаби эса аҳоли уларни якка ҳолда етиштириши ва қайта ишлаши учун замонавий ускуна ёки техникаларга эга эмаслиги айтилмоқда.

– Мамлакатимизда йирик мева-сабзавот ва томорқачилик кластерларининг камлиги бу борадаги муаммоларнинг яна бири, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи Нажмиддин Мирабдуллаев. – Бундан ташқари, тадбиркор ва деҳқонларимиз экспорт соҳасида стратегик қарорлар қабул қилишни ва хорижий бозорлар талабини тўғри тушуна олмаяпти. Жаҳон истеъмол бозорида қайси мева ёки сабзавот тури, навига талаб юқорилигини ўрганмасдан, билганича маҳсулот етиштирмоқда. Мева-сабзавот маҳсулотларини истеъмолчиларга сифатли етказиб бериш, маълум вақт сақланиши ва қадоқлаш каби омилларни ҳисобга олишга эса умуман эътибор йўқ. Меваларни қайта ишлаш ва қуритишда ҳам катта кооперацияларнинг етишмаслиги ва фермерларимизнинг замон билан ҳамоҳанг ҳаракатланмаётгани кўпинча бизни халқаро рейтингда орқада қолдиради.

Қайд этиш жоизки, жорий йилда Ўзбекистонда 500 яқин мева-сабзавот ҳамда томорқачилик кластерлари ташкил этилиши кутилмоқда. Энди экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга мослашган йирик плантациялар вужудга келади. Яъни, ушбу кластерни ташкил қилган тадбиркор – мазкур ҳудуддаги деҳқон ва фермерларни атрофига бирлаштириб, катта ҳажмда маҳсулот йиғади. Ана шу маҳсулотларни шартнома асосида экспортга йўналтириш мумкин.

Маълумотларга кўра, бу йил мева-сабзавот маҳсулотлари ассортиментини кенгайтириш, янги маҳсулотларни тайёрлаш борасида оз бўлсада янгиликлар бор. Хусусан, янги турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан қизилмия, брокколи карами, пиёзнинг янги навлари, киви ва малина катта миқдорда етиштирилиб экспортга юборилмоқда.  

Ҳозирда бизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотининг 99 фоизига Россия ва МДҲ мамлакатлари бозорида қизиқиш бор. Бироқ, Россияда бу маҳсулотларга талаб пастлаб бормоқда. Мисол учун, истеъмолчиларнинг асосий қисми катта ёшдаги аҳоли бўлиб, Россия ёшлари анъанавий узумларни харид қилишни истамайди. Сабаби, меваларимиз ёғоч яшикда бўлиб, чанг ва бошқа нарсалардан ҳимоялаш учун усти дока билан ёпилади. Бу уларга ёқмайди. Уларнинг қулай, ихчам, мевалар сифатини йўқотмаслиги учун мўлжалланган қадоқларда сотиладиган уруғсиз навларга қизиқиши ошиб бораяпти. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Бизнинг энг потенциал бозорларимиздан бири бу – аҳолиси сони жиҳатидан ўта йирик бўлган Хитой ва Араб давлатлари ҳисобланади. Ушбу бозорларга шиддат билан киришимиз зарур. Айни вақтда пандемия даври бўлишига қарамасдан мамлакатимизда етиштириладиган маҳсулотларга хитойда талаб ортиб бормоқда. Шу боис, маҳсулотларни қайта ишлаб, қадоқлашда замон талаблари ҳамда карантин қоидаларига мос равишда тайёрлашга жиддий эътибор қаратишимиз лозим.

Таъкидлаш жоиз, Хитой ва Араб давлатлари бозорларига кўплаб маҳсулот тури бўйича кириш имконияти бор. Бироқ, тадбиркорлар, деҳқон ва фермерларимиз ҳали ҳам талаб қилинадиган сифатга эга бўлган маҳсулотнинг катта ҳажмини таъминлаб бера олмаяпти.

Сўнгги уч йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимиз оз миқдорларда бўлсада Хитой ва Европа бозорларига кириб борди. Ҳиндистон, Корея ва Малайзияга экспорт йўлга қўйилди. Ўзбекистонда етиштирилаётган қовун ва қовун қоқиси европаликларга жуда манзур бўлмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қовунни сифатли ва фақат ўзига хос хусусиятларини йўқотмаган даражада қуритиш учун замонавий техника-технологиялар кам.  

Экспортда муваффақият бу – халқаро бозорни тушунишдаги ёндашувларнинг тубдан ўзгаришидир. Шундагина тадбиркор ўз бизнесини истеъмолчига нисбатан “юзма-юз” ўзгартириши ва фақат шу йўл билан барқарор натижага эришиши мумкин.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва молиялаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, коопераци

яни йўлга қўйиш, замонавий ресурс тежамкор технологияларини жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш мақсадида, шу жумладан, экспортёрларни қўллаб қувватлаш мақсадида қатор кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди.  

Сайёра ШОЕВА, ЎзА